ЖАМИЯТ

ЭЛГА ЯҚИН БЎЛИБ, ЭЛ МЕҲРИНИ ҚОЗОНИШ МУМКИН!

“Тадбиркор – элга мададкор”-дейди, доно халқимиз. Чиндан ҳам тадбиркорнинг сайъ-ҳаракатлари эвазига аҳолининг арзон ва сифатли истеъмол товарларига бўлган талаби қондирилиши баробарида, янгидан-янги иш ўринлари яратилиб, одамларнинг бандлиги таъминланади. Шу боис ҳам, бугун мамлакатимизда соҳани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида имконият ва имтиёзлар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнлари Давлат хизматлари агентлигининг жойлардаги давлат хизматлари марказлари томонидан тезкор, шаффоф ва қулай тарзда амалга оширилаётгани эса, ўртадаги сансоларлик, бюрократик тўсиқлар ва коррупция ҳолатларига барҳам беряпти. Бу шубҳасиз, энди иш бошлаётган тадбиркорларнинг Давлат хизматлари марказларига ишончи ортиб боришига асос бўлмоқда.
25 ноябрдан 25 декабрга қадар ўтказилаётган бир ойлик “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз” акцияси ҳам айнан агентлик тизими ходимлари ва халқ ўртасидаги ишонч кўпригини мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. Акция доирасида, Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармасининг шаҳар ва туманлардаги давлат хизматлари марказлари томонидан ҳудудларда сайёр учрашувлар ташкил этилиб, аҳоли билан ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилиши билан бирга сайёр хизматлар ҳам кўрсатилмоқда. Масалан, Қизириқ тумани Давлат хизматлари маркази томонидан “Янги кент” ва “Работак” маҳаллаларида ўтказилган сайёр учрашувда «Dunyo Akmalovna» M.Ch.J ва «Dinara Akobir» оилавий корхонаси, “Дўстлик” маҳалласида ўтказилган худди шундай учрашувда эса «ILHOM EXSPRESS» хусусий корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилди. Одамларга яқин бўлиш йўлидаги ушу мақсадли тадбирлар ўзининг ижобий самарасини беришига шубҳа йўқ. Зеро, ота-боболаримиз элга яқин бўлиб эл меҳрини қозониш мумкин, деб бежизга айтишмаган.