Uncategorized

Афғонистонлик шифокорлар коронавирусга қарши курашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишмоқда

Бугун юртимизга Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг масъул ходимлари ва шифокорларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Бундан мақсад — афғонистонлик тиббиёт мутахассисларига коронавирус инфекциясининг профилактикаси, тарқалишининг олдини олиш, унинг диагностикаси ва даволаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўргатиш, «COVID-19″ни даволашда замонавий ва самарали усулларни қўллаш бўйича уларнинг амалий кўникмаларини ва малакасини оширишдан иборат.

20 нафар афғонистонлик мутахассисдан иборат делегация мамлакатимизда ўн кун давомида бўлиб, махсус ўқув машғулотларида иштирок этади. Ушбу машғулотлар коронавирус инфекциясини даволаш жараёнида бевосита қатнашган профессионал мутахассисларимиз томонидан ишлаб чиқилган.

Ўқув дастурини тайёрлашда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари етакчи ходимларининг ўрни катта бўлди.

Жумладан, шошилинч тиббий ёрдам, фтизиатрия ва пульмонология, гематология, терапия ва тиббий реабилитация, акушерлик ва гинекология, педиатрия, хирургия, кўз микрохирургияси, эндокринология, вирусология каби қатор соҳалар бўйича тиббиёт марказлари ҳамда илмий-текшириш институтларининг етакчи мутахассислари томонидан коронавирус инфекциясини даволаш ва унинг асоратларини ўзига хос жиҳатлари инобатга олинган.

Шунингдек, ўқув машғулотлари давомида Зангиота туманидаги 1- ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида маҳорат дарслари ташкил қилинади. Бундан ташқари, меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиникалардаги ҳамкасбларининг фаолияти билан ҳам танишади. Афғонистонлик мутахассислар Самарқанд вилоятига бориши ҳам кўзда тутилган.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда коронавирус инфекциясини даволаш бўйича бир қатор амалий ютуқларга эришиб келинмоқда. Жумладан, айни пайтда “COVID-19” инфекциясининг инсон организмига таъсирини камайтириш ва даволашнинг самарадорилигини оширишга йўналтирилган қатор илмий лойиҳалар устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, бу соҳада кўшни мамлакатларга ҳам амалий кўмак беришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йил май ойида юртимизнинг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари коронавирусга қарши курашишда ёрдамлашиш учун Тожикистон Республикасида бўлиб қайтишди. Бир муддат аввал эса Ўзбекистон Қирғизистонда иккита юқумли касалликлар шифохоналарини қуриб берганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, ЖССТ маълумотларига кўра, Афғонистонда 52 909 ҳолатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш қайд этилган бўлиб, шундан ўлим кўрсаткичи 2 230 нафарни ташкил қилмоқда. Сўнгги сутка давомида 200 нафар кишида янги касалланиш ҳолатлари аниқланган.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan