Uncategorized

Пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси олди олинди

Жорий йилнинг 30 ноябрь куни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари ҳамда вилоят Қўриқлаш бошқармаси 3-Алоҳида отряди ходимлари томонидан, пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Унда туманнинг Бобур маҳалласи, Н.Мирзаев кўчасида фуқаро Ф.О., 113 та блокда қадоқланган 1130 қути “Трения” номли пиротехника воситаларини “мижози”га 9.600.000 сўм пул маблағи эвазига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий гвардия Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси суриштирув бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

   
Шунингдек, 2020 йилнинг 29 ноябрь куни ҳам Шеробод туманида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва вилоят Қўриқлаш бошқармаси 12-Алоҳида отряди ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбир давомида, туманнинг “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида юрган, вояга етмаган Ж.Б. тўхтатилиб, ёнида бўлган қора рангли сумкаси кўздан кечирилганда, ичида 15 та блокда жойланган 150 қути “Трения” ёрлиғидаги пиротехника воситалари мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда олинган. Ҳозирда Шеробод тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиясига юбориш учун вояга етмаган Ж.Б.га нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan