ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарёда ҳам “ўқишга киритаман” дейилган ваъдалар бошланди(ми)

Хабарингиз бор, шу кунларда олий таълим муасасалари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими масканларида келгуси ўқув йили учун қабул жараёнлари кечмоқда. Бу мавсум анча йиллардан буён айрим фирибгарлар, олғирларнинг чўнтагини қаппайтиришга ҳам хизмат қилгани, сир эмас. Тарки одат-амри маҳол, деганларидай ҳамон ўқишга киритиш эвазига пул таъма қилувчилар учраб турибди. Улардан бири Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан фош қилинди. Олинган маълумотларга асосан ўтказилган тезкор тадбирда, Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернати ўқитувчиси М.М. фуқаро М.нинг жияни Б.ни мактаб интернатининг миллий кураш йўналишига мактаб интернати директори орқали ўқишга қабул қилиш эвазига 800 АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур холат юзасидан “устоз”га яъни интернат ўқитувчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди шундай Деновда ҳам кимдир тиббиёт коллежига ўқишга киритиб қўйиши мумкинлигини айтиб, бу хизматини “реклама” қила бошлайди. “Ҳожатбарор” тўғрисидаги хабар Департаментнинг Денов туман бўлимигача етиб келгач эса  мурожаатга асосан  тезкор тадбир ўтказилади. Аниқланишича, фуқаро Н.Р. ўзини Денов туман тиббиёт коллежида ишлашини айтиб, фуқаро И.нинг қизини тиббиёт коллежига коллеж раҳбарлари орқали ўқишга киритишни ваъда қилган. Эвазига 800 АҚШ доллари сўраган. Хуллас, Н.Р. фирибгарлик йўли билан ушбу маблағни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқ тартибот органлари барчани фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақиради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan