
Президент «Ишлаб чиқариш, экспорт ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, савдо ва саноат сиёсати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолади.
Фармонга кўра, ички бозорда рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида қуйидагилар белгиланди, жумладан:
олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш тартиби 1994 йилдаги Тарифлар ва савдо бўйича Генерал келишув (GATT) ва 1994 йилдаги мазкур келишувнинг VII-моддасини қўллаш тўғрисидаги Келишувда белгиланган умумий тамойил ва қоидаларга тўлиқ мувофиқ келтирилади;
товарларнинг божхона қийматини аниқлашда имтиёзлар ёки махсус божхона расмийлаштируви тартиблари, жумладан, муайян аниқлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби бекор қилиниб, уларга мувофиқлик тўғрисидаги декларация расмийлаштириш тартиби жорий этилади.