ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон “Толибон” билан “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўли бўйича шартномани узайтиради

Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати жамоат ишлари вазирининг темирйўл масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммад Исъҳоқ Соҳибзода билан “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўли бўйича шартномани узайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 21-23 январь кунлари Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрида Муҳаммад Исъҳоқ Соҳибзода бошчилигидаги делегация билан учрашувлар ташкил этган. Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов бошчилигида ўтказилган учрашувда афғон томони билан трансафғон темирйўл қурилиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилган ва томонлар келгуси ишларни ташкил этиш бўйича келишиб олган.

Шу билан бирга, икки давлат темирйўл маъмуриятлари ўртасида “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўлидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича шартномани узайтириш юзасидан келишувга эришилган. Бунда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖнинг “Согдиана транс” МЧЖ “Ҳайратон – Мозори-Шариф” темирйўлига хизмат кўрсатувчи оператор сифатида сақланиб қолади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan