Остона Москва ва Бокуга АЗАЛ самолётининг қора қутиларидаги очиқланган маълумотларни топширди, деди Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, авиаҳалокатни текшириш комиссияси раҳбари Канат Бозумбаев, унинг сўзларидан иқтибос келтирди Казинформ агентлиги.

“Улар очиқланган (қора қутилардаги маълумотлар), Қозоғистонга қайтарилди ва Бош прокуратура ҳузуридаги тергов гуруҳида. Улар устида барча экспертлар ишламоқда. Ҳозирда бу қора қутиларнинг нусхалари Озарбайжонда ҳам, Россияда ҳам бор. Бизда яширадиган ҳеч нарса йўқ” деди у.
Бош вазир ўринбосарининг аниқлик киритишича, интернетда чоп этилган қора қутилар стенограммаси асл нусхадан фарқ қилади.
Самолёт ҳалокати бўйича дастлабки ҳисобот келаси ҳафта эълон қилиниши мумкин, дея қўшимча қилди Бозумбаев.
25 декабрь куни эрталаб Қозоғистон ғарбидаги Ақтау шаҳри яқинида Бокудан Грознийга учаётган Озарбайжон ҳаво йўллари авиакомпаниясининг Embraer 190 самолёти ҳалокатга учради. Самолёт бортида беш нафар экипаж аъзоси ва 62 нафар йўловчи бўлган, улардан 16 нафари россиялик, жумладан, 11 ёшли қиз, 37 нафари Озарбайжон, олти нафари Қозоғистон ва уч нафари Қирғизистон фуқароси.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 29 киши тирик қолган. Жароҳатланган 9 нафар россиялик Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус рейси билан Москва шифохоналарига олиб кетилган, деб хабар беради ria.ru.