Telegram “жиноятчиларга платформа бўлиш учун яратилмаган”, деди Павел Дуров декабрь ойида Франция судида бўлиб ўтган суд мажлисида

Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда унга қарши очилган иш бўйича сўроқ пайтида терговчиларни мессенжерда контент модерацияси кучайтирилишига ишонтирди. Бу ҳақда 17 январь, жума куни France Info радиостанцияси хабар берди.
2024 йил 6 декабрда бўлиб ўтган суд мажлисида Дуров “Telegram жиноятчиларга платформа бўлиш учун яратилмаган”, деди. Унинг қўшимча қилишича, мессенжер “модерация тартибларини яхшилаш” ниятида.
Дуровнинг сўзларига кўра, Telegram қонунларни бузгани учун ҳар ой дунё бўйлаб 15 дан 20 миллионгача фойдаланувчи аккаунтларини ўчириб ташлайди. Тадбиркор, шунингдек, сўнгги олти ой давомида платформа раҳбарияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан фаол ҳамкорлик қилганини ва 10 минг фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни турли мамлакатлар расмийларига топширганини таъкидлади.
Француз судьялари, ўз навбатида, уларнинг маълумотларига кўра, Дуровнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, сўнгги ойларда Telegram жиноий мақсадларда тобора кўпроқ фойдаланилаётганини таъкидлади.