
Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатига кўра акциз маркаси мавжуд бўлмаган тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кирилаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланиб, Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг ижро варақасига асосан ашёвий далил деб топилиб, жами 27.000 қути умумий қиймати 1 млрд сўмлик «ESSE CHANGE» номли тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланган.
Бюронинг Термиз шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари тайинланиб, тегишли ҳамкор ташкилотлар иштирокида аҳоли яшаш манзилидан узоқда жойлашган Термиз туманидаги махсус чиқинди полигонида ёқиб юбориш йўли билан зарарсизлантирилди.

Бундан ташқари, мазкур суднинг ижро ҳужжатига асосан ашёвий далил сифатида олинган сохта 2 минг АҚШ доллари купюралари холислар иштирокида йўқ қилинди.
Маълумот учун, Ўтган 2024 йил давомида Вазирлар маҳкамасининг 200-сонли қарори асосида йўқ қилиниши ҳамда давлат даромадига мусодара қилиниши белгиланган тоифадаги жами 2587 та қиймати 30 млрд. сўмдан ортиқ тегишли судларнинг ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти туман-шаҳар бўлимлари иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.

Хусусан, 86 млн. 213 минг сўмлик кийим кечак, 75 млн. сўмлик оргтехника, 1 млрд. 144 млн. сўмлик алкоголь маҳсулотлари, 16 млрд. 428 млн. сўмлик тамаки маҳсулотлари, 19 млн. сўмлик озиқ овқат маҳсулотлари ҳамда 4 миллиард 767 миллион сўмлик бошқа турдаги мол-мулклар ҳисобланади.
Мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида 1800 дан ортиқ ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланиб, шундан, давлат даромадига ўтказилиши белгиланган ижро ҳужжатлари бўйича 1 млрд. 730 млн. сўм давлат бюджетига йўналтирилган.