Жарқўрғон туманида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўз электорати вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда илм-фан ва таълим, маданият ва санъат, ахборот соҳаси вакиллари, олимлар, тарбиячи ва ўқитувчилар, ижодкор ва санъаткорлар, спортчилар, туризм, ҳунармандчилик ва халқ табобати соҳаси вакиллари, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлар, шунингдек, “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиорини қўллаб-қувватловчи ватанпарвар ва бунёдкор халқимиз вакиллари иштирок этди.

Учрашувни партия Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов очиб?????, “Миллий тикланиш” демократик партияси учун Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ҳақиқий маънода ўз мақсад ва вазифалари ҳаётийлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани, ҳаётимизнинг маъно-мазмунига айланган Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек буюк мақсад, шубҳасиз, барчани бирлаштириб, тинимсиз ишлашга, бор куч-ғайрат ва билимини ана шу мақсадларга қаратишга ундаётганини таъкидлади.
Партиянинг бош мақсади “Қудратли давлатга таянган, қонунлари миллий ва умуминсоний қадриятларга уйғун, инсон қадри баланд, фаровон жамият қуриш” бўлса, бош шиори “Қадриятларга таянган тараққиёт”дир. Шулар асосида халқимизнинг миллий қадриятлари, азалий урф-одат ва анъаналарини, маънавий ва маданий меросини асраш ва уларни кенг тарғиб этиш, ҳар бир юртдошимиз онгида ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга ҳисса қўшишдир. Шундан келиб чиқиб, партия янги дастурда тарбия ва таълимни энг устувор масала сифатида белгилади ҳамда бу борада муҳим таклиф, ташаббусларни илгари сурмоқда. Чунки юрт равнақи, мамлакат иқболи, Ватан истиқболи, шак-шубҳасиз, таълим ривожи билан боғлиқ. Бинобарин, таълим ва тарбиясиз, ҳар томонлама етук, интеллектуал авлод камолисиз тараққиётга ҳам, юксалишга ҳам, фаровон ҳаёт ва истиқболга ҳам эришиб бўлмайди.

Ушбу жараёнда давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасидан келиб чиқиб иш кўриш, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниш партия сиёсатининг асосини ташкил этади. Партия инсон салоҳиятининг рўёбга чиқишида унинг маънавий дунёси, маданий дунёқараши муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган ҳолда, китобхонликни оммалаштириш, театр, кино ва санъатнинг бошқа соҳаларини тарғиб қилиш орқали жамият ва ҳар бир шахс маънавияти ҳамда маданий савиясини ошириш чораларини кўришни муҳим деб ҳисоблайди.
Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 35 йилдан ошди, лекин энг чекка ҳудудларда ҳам ташқи реклама ва ёзувлар, эълон ва пешлавҳалар давлат тилида ёзилмаганига кўзингиз тушади. ОАВ, ижтимоий тармоқларда бу ҳақда қанчалик кўп ёзилмасин, гапирилмасин ўзгаришлар бўлиши қийин кечаяпти. Бунга масъул бўлган идоралар эса давлат тили билан боғлиқ амалдаги нормалар ижросига етарлича эътибор қаратмаяпти.
Шундан келиб чиқиб, партия сайловолди дастурида ташқи ёзувларни тартибга солишга қаратилган “Ташқи ёзувлар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, давлат тилида иш юритмаган раҳбарларга кескин чоралар кўриш каби ташаббуслар илгари суриляпти.

Партия бош мақсади қадриятларимизга асосланганмиллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш, тарбия ва таълим тизимини ривожлантириш, халқимизнинг бой тарихи, маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда кўпайтириш, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, шунингдек, миллий ўзлигимизни, она тилимиз, динимиз, урф-одат, анъана ва қадриятларимизни сақлаш ҳамда ривожлантиришдан иборат. Пировард мақсад: бўлажак сайловда энг юқори натижага эришиш ва сайловчилар ишончини қозонишдир.
Шу маънода, “Миллий тикланиш” демократик партияси 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалари ҳаётийлигини таъминлашда асосий электорати – зиёлиларга таянади.
Учрашувда электорат вакиллари ҳам сўзга чиқиб, сайловда “Миллий тикланиш” демократик партияси ва номзодларини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.