ЖАМИЯТ

Ичимлик ва оқова сув йўналишидаги қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 августдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорига асосан ичимлик ва оқова сув йўналишидаги қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш киритилди. АОКАда ташкил этилган брифингда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталди.  

Қайд этилишича, амалдаги тартибга кўра, сувни ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши, бутлиги ва пломбаларнинг бузилмагани юзасидан жавобгарлик  истеъмолчига  юкланган эди.  Эндиликда янги қурилаётган кўп квартирали уйларнинг совуқ сув ҳисоблагичлари хонадон (квартира)ларнинг ташқарисида (зинапоялар, ертўлалар ва бошқа қисмида) ўрнатилган  ҳолатларда, жавобгарлик таъминотчи корхонага юкланади. Шунингдек, I гуруҳ истеъмолчилари, аванс тариқасида коммунал хизматлар учун 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўловларни аввалдан амалга ошириб қўйган бўлсалар, улар шу вақт мобайнида тарифларнинг ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод этилади.  

Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати объектларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартибига киритилган қўшимчага кўра, давлат бюджети ва давлат томонидан жалб қилинган барча маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётган ичимлик ва  оқова сув  йўналишидаги  лойиҳалар  “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан мажбурий равишда экспертизадан ўтказилади ва янги қуриладиган ичимлик ва оқова сув йўналишидаги объектлар ва тизимларни лойиҳалаштиришда мазкур ҳудуднинг тўлиқ қамров даражаси инобатга олинади. Ичимлик суви  манбалари ва уларнинг захирасига алоҳида эътибор қаратилади.    

Шу билан бирга, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасида инвестиция лойиҳаси таклифлари маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари томонидан ҳудудий ичимлик сув таъминоти ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиққан ҳолда аҳоли пунктлари фаоллари билан  келишилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларида муҳокама  қилишга  киритилади. Шунингдек, қарорда хорижий банклардан олинган кредитлар эвазига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг бажарилиш  муддатлари  узайтириб  берилган.  

Давлат раҳбарининг 2023 йил 31 октябрдаги “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ичимлик ва оқова сув тарифи масалалари батафсил баён этилган. Вазирлар Маҳкамасининг “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорида эса мавжуд тариф масалалари  механизми тартибга солинган. Қарорга киритилган ўзгаришларда  тарифларни (яна) ошириш кўзда тутилмаган.  

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan