Вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотинларни уларнинг ўзаро розилигига кўра никоҳдан ажратишни қайд этиш
Оила кодексининг 42 ва 218-моддаларига мувофиқ ФҲДЁ органи мулкий низолари ҳамда вояга етмаган фарзандлари (шу жумладан, фарзандликка олинганлари) бўлмаган эр-хотинлардан никоҳдан ажралиш тўғрисидаги аризани қабул қилади.

Алоҳида яшовчи эр-хотинни никоҳдан ажратишни қайд этиш уларнинг биргаликда берган аризаларига асосан улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Эр-хотиннинг ўзаро розилиги бўлганда никоҳдан ажралишда ариза берувчилар фуқаролик ҳолати далолатномаларини ѐзиш органига берган аризаларида ўртада вояга етмаган болалари ва мулкий низолари йўқлигини тасдиқлашлари шарт.
Никоҳдан ажралиш ариза берувчиларнинг яшаш жойидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ѐзиш органига ариза берилган кундан бошлаб уч ой муддат ўтгач қайд этилади.
Эр ёки хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясига қайтиши тўғрисидаги истаги никоҳдан ажратиш ҳақидаги аризасида кўрсатилиши керак. Никоҳдан ажратиш қайд этилганидан сўнг никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага унинг тугатилганлиги ҳақида белги қўйилади ва у аризачиларга қайтарилади.
Никоҳдан ажратишни қайд этишда, эр ва хотиннинг ўзаро келишувига кўра, уларнинг биридан ёки иккаласидан белгиланган тартибда давлат божи ундирилади. Эр ёки хотиндан бирининг иштирокида никоҳдан ажратишни қайд этишда давлат божи тўлиқ миқдорда ундирилади.
Меҳринисо Жўраева, Термиз шаҳар Адлия бўлими ФҲДЁ бўлимининг 1-тоифали инспектори