КОРРУПЦИЯ

Сурхондарё: Коррупцион ҳаракатлар қайси соҳаларда кўпроқ?

Сурхондарёда коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш, бартараф этиш бўйича самарали тизимни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш Сурхондарё вилояти Кенгашининг 2024 йилнинг ўтган даври давомидаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сонли Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сонли қарорига асосан амалга оширилди.

-Вилоятда коррупцияга оид жиноятларнинг соҳалар кесимидаги таҳлилига кўра, 2024 йилнинг ўтган 4 ойи давомида энг кўп ҳуқуқбузарликлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, мактаб ва мактабгача таълим, маданият, Олий таълим фан ва инновация тизимида содир этилган,- дейди Сайдулла Абдураимов, Халқ депутатлари вилоят кенгаши котибияти мудири, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши котиби. -Айниқса, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбар ходимлари томонидан содир этилаётган жиноятлар алоҳида назоратга олинмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш Сурхондарё вилояти Кенгаши аъзолари 36 нафар турли соҳа вакилларидан иборат таркибда тасдиқланган. Унда 3 нафар Сенат аъзолари, 6 нафар маҳаллий Кенгаш депутатлари, 8 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, 9 нафар вилоят ташкилотлари, 10 нафар нодавлат-нотижорат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларини ўз ичига олган.

Ҳудудий Кенгаш аъзоларининг ҳар бирига иш фаолиятидан келиб чиққан ҳолда аниқ вазифалар белгилаб берилган. Уларнинг ижроси бўйича ҳисоботларини эшитиб бориш тизими йўлга қўйилган.

2024 йилнинг ўтган даври мобайнида ҳудудий Кенгашнинг 10 та ҳисобот йиғилиши ва 8 та сайёр йиғилишлар ўтказилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 14 та ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисобот маърузалари тингланди.

Жумладан, вилоят Қишлоқ хўжалиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Транспорт, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботлари эшитилди. “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ, “Ҳудудий электр тармоқлари”, Бандихон ва Термиз туманлари ҳоким ёрдамчилари ҳамда ҳокимлик масъул ходимлари иштирокида жойларда сайёр йиғилишлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, давлат харидларида аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишидаги камчиликлар, коррупция даражаси юқори бўлган соҳалар туман ва шаҳарларда коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тизимли равишда Ҳудудий кенгаш йиғилишларида атрофлича муҳокама қилиниб борилмоқда.

Шунингдек, Кенгаш ўз фаолиятида мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш каби инструментлардан самарали фойдаланиб келмоқда.

Порахўрлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларга, коррупциянинг барча кўринишларига барҳам беришда турли идоралар ва аҳоли орасида тарғибот ишларининг самардорлигини ошириш, давлат идораларини очиқлигини таъминлаш, идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш бўйича ички назоратни йўлга қўйишни таъминлаш, давлат органлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби таъсирчан чоралар кўриш лозим.

Шу боис, ҳудудий Кенгаш аъзолари ҳамда вилоятдаги олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирокида бир қанча учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 18 апрель куни Термиз мухандислик-технология институтида “Коррупция-ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Шу билан биргаликда, Сурхондарё вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, ҳамкорликда 20 дан ортиқ чиқишлар қилинди.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режага асосан Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши томонидан 2024 йил давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан ҳар ойнинг якуни бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ахборот тақдим этиб борилади. Шунингдек, давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишида вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва муассасаларда қилинган ишлар танқидий муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар ижросига қаратилади.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Коррупциясиз ҳаёт” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan