Туркияда Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди
Туркиянинг Чанкири шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Чанкири Каратекин университети ҳамкорлигида жорий йил 27-28-май кунлари “Мовароуннаҳрдан Онадўлига ҳадис анъанаси ва муҳаддислар” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.

Икки кун давом этган халқаро илмий анжуманда Туркия, Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг таниқли диний уламолари, етук исломшунос олим ва мутахассислари дастур доирасидаги маърузалари билан қатнашиб, замонавий исломшуносликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилишди.
Дунё бўйича ҳамма якдил иттифоқ қилган энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, уларнинг учтаси Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан ҳадисшунос алломалар – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насоийлар томонидан яратилганлиги қайд этилди.