ЎЗБЕКИСТОН

Италиялик дизайнерлар Андижонда тўқимачилик саноатини ривожлантиришга жалб қилинди

Ўзбекистон элчихонаси ва Андижон вилояти ҳокимлиги кўмагида маҳаллий тўқимачилик ва тикувчилик тармоғига италиялик малакали дизайнерлар жалб этилмоқда.

Маълумки, Андижон вилоятда йил сўнггига қадар умумий қиймати 150 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш ва бўяш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида вилоятда олти мингта янги иш ўринлари ташкил этилади. Бунда Италиянинг ушбу тармоқни ривожлантириш бўйича тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш ижобий натижа бериши кутилмоқда.

Андижон вилоятига Италиядан келган малакали дизайнер Итало Марселья ҳудудда ушбу жабҳада ҳаётга тадбиқ этилаётган дастурлар билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлди. Хусусан, у «Samo», «Asaka», «Khantex», «Sakhovat», «Dinar», «Fayz-M», «Zumrad» каби миллий ишлаб чиқарувчилар қувватлари билан танишди. «Бундай замонавий ускуналар билан жиҳозланган, юқори самарали ва жуда катта ҳажмларда маҳсулот ишлаб чиқаришга қувватига эга корхоналарни кўриб, ҳайратда қолдим, – деди италиялик дизайнер. – Бугунги кунда Ўзбекистон компанияларининг дунёдаги машҳур брендларга ҳам маҳсулот ишлаб чиқараётгани мен учун янгилик бўлди».

Италиялик мутахассис кўмагида, шунингдек, ўзбекистонлик ёш дизайнерлар учун махсус ўқув курслари йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу курсларда бир нафар италиялик дизайнер машғулот олиб бормоқда. Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, яна камида икки нафар италиялик малакали мутахассис Ўзбекистонга келади ва ёшларимизни замонавий мода оламининг сўнгги янгиликлари асосида ўқитади.

Итало Марселья Рим шаҳридаги IED — Европа дизайн институтида ёшларга сабоқ беради. Европа дизайн институти «Modartech», «Next Fashion School», «Accademia Italiana», «Accademia Nami», «Polimoda» каби Италиянинг энг нуфузли олий таълим муассасалари қаторда эътироф этилади.

1996 йилда таъсис этилган IED ҳозирда Италия, Испания ва Бразилияда ўз бўлинмаларига эга. Институтда дизайннинг тасвирий санъат, коммуникация, мода ва реставрация каби асосий йўналишларида таълим берилади. Мазкур йўналишларда 60 та ихтисослаштирилган курслар йўлга қўйилган.

Бугунги кунда институтда 120 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Унинг битирувчилари дунёнинг машҳур ательеларида дизайнер сифатида фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирги кунда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган мамлакатимиз корхоналари вакилларидан иборат бизнес-миссия Италия, Германия, Испания ва Польшадаги салоҳиятли харидор ҳамда шериклар билан икки томонлама ҳамкорликни янада жадаллаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan