Туркияда Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий конференция ташкил этилди
Кеча Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Туркиянинг Чанкири Каратекин университети билан ҳамкорликдаги “Мовароуннаҳрдан Онадўлига ҳадис анъанаси ва муҳаддислар” мавзусида халқаро илмий конференция ўз ишини бошлади.

Халқаро илмий конференция ишини Чанкири Каратекин университети ректори Проф. Др. Ҳарун Чифтчи кириш сўзи билан очиб, ўтган йили Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Имом Бухорий, Имом Доримий, Имом Термизий Мовароуннаҳр муҳаддислик мактаби” мавзусидаги халқаро илмий конференцияга Чанкири Каратекин университети профессор олимлари таклиф қилинганлиги учун алоҳида миннатдорчилик билдирган ҳолда мазкур конференция Термизда бўлиб ўтган конференциянинг мантиқий давоми эканлигини таъкидлаб ўтди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси бош мутахассиси Ш.Исломов, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ахборот таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи К. Камилов, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази директори в.в.б. М. Жониев, Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф. Абдуҳалимовлар ўз маърузалари билан иштирок этишди.
Маърузачилар ислом динининг ривожланишида Имом Бухорий, Имом Термизий каби буюк алломаларимизнинг қўшган ҳиссаси, мамлакатимизда ислом динига бўлган эътиқод ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар, соҳада бевосита илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш билан шуғулланувчи қатор Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, тадқиқот марказлари фаолият юритаётганлиги, бу борадаги халқаро ҳамкорлик масалалари хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ахборот таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи К. Камиловнинг “Мовароуннаҳр мутафаккирлари билан Онадўлу мутафаккирларининг муносабатлари яқин дўстлик, қардошлик ва инсонпарварлик асосида барпо этилганди. Илму маърифат йўлидаги ҳамкорлиги эса ўрта асрлардан ҳозирга қадар давом этиб келаётганлиги ҳаммамизга маълум” – деган сўзлари бўлиб ўтаётган илмий конференциянинг илдизи узоқ ўтмишга бориб тақалишини кўрсатади.
Шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф. Абдуҳалимовнинг “Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоийларнинг китоблари бўлиб, шулардан уч нафари – Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насоийлар юртимиз фарзандларидир” – деган фикрлари ўтказилаётган халқаро илмий конференциянинг бутун мазмун-моҳиятини очиб берганлиги шубҳасиз.

Туркиялик олим Ислом тафаккури институти директори проф. Др. Меҳмет Гўрмезнинг ўз маърузасида “Шундай маданиятлар борки, булар ўз даврида, ўз вақтида гуллаб-яшнайди, порлайди, лекин вақт ўтгандан кейин улар сўнишни бошлайди. Лекин Мовароуннаҳр маданияти шундай маданиятки, у ҳали-ҳанузгача порлаб турган, ўзининг порлоқлигини йўқотмаган маданиятдир. Қолаверса, у дунё миқёсида умуминсоний маданиятга бешик бўлган замин – Мовароуннаҳр маданиятидир” – деган фикрлари конференция 1-иш кунининг “қайноқ нуқтаси” бўлди.
Маълумот ўрнида: Конференциянинг 1-иш кунида 6 та шуъба бўйича иш олиб борилди, 2-иш куни бугун давом этади.