
Бугунги кунда судьялар ишларни нафақат суд биноси мажлислар залида, балки аҳоли яшаёган ҳудудлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар биноларида сайёр суд мажлисларида кўриб чиқмоқда. Куни кеча Шеробод туман Ички ишлар бўлими биноcида ана шундай сайёр суд йиғини ташкил этилди.

Сайёр судда жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган жами 9 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд, иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, инсонпарварлик тамойилига таяниб, Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, ўрнатилган тартиб қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, жазони ўташ даврида интизомий жазога тортилмаган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя қилган, бундан ўзларига тегишли хулоса чиқарган 8 нафар шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари ўтаётган жазоларидан шартли равишда озод қилинди.

Аксинча, суд томонидан тайинланган жазони ўташдан бўйин товлаган, ўрнатилган таъқиқ ва чекловларни бузган 1 нафар озодликни чеклаш жазосини ўтаб келаётган маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, қамоққа олинди.

Сайёр суд давомида раислик қилувчи томонидан Пробация хизматида жазони ўтаб келаётган маҳкумлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, мажбуриятлари, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги, жазони ўташ тартибини бузганлик учун сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чора оқибатлари, шунингдек жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинлаши оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси, нафақат судларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим.
АСҚАР ҚУДРАТОВ, Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти