
Ноқонуний қурилмаларни буздириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳамда суғориладиган экин ер майдонларини давлат заҳирасига қайтариш ҳақидаги судларга киритилаётган даъво аризаларни кўриб чиқиш масаласи юзасидан Сурхондарё вилоят судида семинар ўтказилди.

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьялари, вилоят прокуратураси, вилоят ҳокимлиги, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, Кадастр агентлигининг давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси ва вилоят қурилиш бошқармаси ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа режими орқали ўтказилган семинарда “Ноқонуний қурилмаларни буздириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳамда суғориладиган экин ер майдонларини давлат заҳирасига қайтариш ҳақида”ги судларга киритилаётган даъво аризаларни кўриб чиқиш масаласи муҳокама этилди.

Семинарда вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Баходир Джумаев ва вилоят суди судьялари томонидан бу борада мавжуд бўлган муаммолар, судларга киритилаётган даъво аризаларнинг тааллуқлиги, даъво аризага илова қилинадиган ҳужжатлар, хусусан низоли ер майдони фермер хўжалиги ёки бошқа манфаатдор шахсга тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳуқуқий ҳужжатлар яъни ҳоким қарори,ер майдони чегараларини жойида кўрсатиш далолатномаси, фермер хўжалиги билан тузилган ижара шартномаси, ушбу шартномани давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақида гувоҳномаларнинг мавжудлиги, мутахассислар томонидан низоли ҳолат юзасидан жойига чиқиб судларга асосли ва батафсил хулоса тақдим этиш лозимлиги ҳақида маърузалар қилиниб, кенг тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, семинарда келгусида низоли ҳолат юзасидан судларга хулоса тақдим этишда учраётган қарама-қаршиликларнибартараф этиш ҳамда бу борадаги самарадорликни янада ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб олинди.

Семинар якунида видеоконференцалоқа режими орқали иштирок этаётган туманлараро судлари судьялари ва жойлардаги Кадастр агентлиги бўлимлари масъулларининг фикр-мулоҳалари тингланди.
ШЕРЗОД ЭЛИЕВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси