ЎЗБЕКИСТОН

От — йигитнинг қаноти

От спортида чопоғон шунчаки югурмайди, парвоз қилади. Ҳам жисман, ҳам руҳан қулоч ёяди. Кучига куч, шиддатига шижоат қўшилади аслида. Шамол шовурига эш бўлиб, офтоб нуридан қувват олади. Дарҳақиқат, шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунда ҳам тулпорларга бўлган эҳтиёж, ортса ортаяпдики, заррача камайган эмас. Айниқса ҳарбий хизматчилар учун тоғ ва тоғолди ҳудудларда белгиланган топшриқларни бажаришда отларнинг ўрнини ҳеч бир техника боса олмайди. Шахсий таркиб, ўқ дори ва қурол аслаҳаларни белгиланган нуқтага ўз вақтида ва осон етказишда албатта, ушбу уловларнинг ўрни беқиёс.

Сурхондарё вилояти Денов туманида жойлашган Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги ҳарбий қисмга қарашли “Алпомиш” от спорти клубининг фаолияти йўлга қўйилгани ҳам мазкур мақсадларга хизмат қилади.

Умумий майдони қарийб 2 гектарни ташкил этадиган ушбу мажмуа жами 20 бош тулпорни парваришлашга мўлжалланган. Айтиш керакки, барча қулайликларга эга маскан эндиликда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги отлиқ бўлинмаларда хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим кўникмаларини ошириш билан бирга, вилоят ёшларининг ҳам соҳага доир орзу-интилишларини роёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Отларни сақлаш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш, ювинтириш, тақалаш, изоляция қилиш каби хоналарда тулпорларни қишки ва ёзги мавсумда ҳам соғлом парваришлаш учун барча шарт-шароитлар яатилган. Албатта, буларнинг барчаси чавандоз ҳарбийларнинг ўз вазифасига янада сидқидилдан ёндашиб, қўйилган ҳар қандай топшириқни сифатли ва аъло даражада адо этишлари учун хизмат қилади.

Маскандаги мана бу жой бир вақтнинг ўзида 6 та боғловдан чиққан отни совутишга мўлжалланган автоматик мажмуа ҳамда турли от спорти ўйинларига мослашган манеж ҳам чавандозлар ихтиёрида.

Замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, барча қулайликларга эга мазкур “Алпомиш” от спорти клуби тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. Унда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.
Дастлаб, меҳмонлар янги мажмуанинг шарт-шароити ва имкониятлари билан яқиндан танишди.

Маросимда сўз олганлар томонидан ушбу маскан эндиликда чавандозлар юрти бўлган Сурхон воҳасида от спортининг яна бир поғона ривожланиши учун хизмат қилишини алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш керакки, туманлардан келган мингга яқин ёшлар иштирокидаги тадбир ҳақиқий байрам сайлига айланиб кетди. Бир томонда ҳарбий хизматчилар, аҳоли вакиллари ва ёшлар иштирокида спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, арқон тортиш сингари бир қанча турларидан беллашувлар ўтган бўлса, мажмуа манежида Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан спорт техникаларида кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Бугуннинг Алпомшлари от устида турли саф элементларини маҳорат билан бажариши, камондан нишонларни бехато яксон этиши, қурол билан жанговар услубларни бажараганини кузатиб турган ёшларда ҳарбий хизматга иштиёқ ва от спортига бўлган қизиқишлари янада ортди.

Вилоят санъаткорлари томонидан Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби саркардалар сиймолари яратилди. Сурхондарёнинг Узун, Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Олтинсой туманлари ҳамда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг ҳарбий хизматчиларидан ташкил топган 6 та жамоа иштирокидаги баҳслар ким нимага қодир эканини амалда исботлаш имконини берди. От устида кураш, эстафета, поло, кўпкари сингари бир-биридан мураккаб чавандозлик ўйинларида ҳар бир иштирокчининг юқори тайёргарликка эга эканини кўрсатди. От устида елдек учиб бораётган, шиддат билан зот айираётган ўғлонлар боболарга муносиб ворис эканликларини исботладилар.

Якунда умумжамоа ҳисобида барча шартлар бўйича Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Алпомиш жамоаси мутлоқ ғалабани қўлга киритди. Ғолиб ва совриндорлар Мудофаа вазирлиги ҳамда округ қўмондонлиги томонидан тантанали равишда тақдирландилар.

Биз ишонамизки, ушбу маскан олдинда ҳар жиҳатдан мукаммал отлиқ бўлинмаларни тайёрлаш ҳамда Республикамизнинг от спорти бўйича яна бир поғона ривожи учун ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan