ДУНЁ

“Узуклар ҳукмдори” “олами” асосида янги фильмлар суратга олинади

Асл трилогия режиссёри Питер Жексон бу жараённинг ҳар бир қадамидан хабардор бўлиб туришини таъкидлади.

Discovery янги тайинланган раҳбарлари Майк Де Лука ва Пам Абди Жон Толкиннинг “Узуклар ҳукмдори” романи асосида бир нечта фильм суратга олиш бўйича келишувга эришганини маълум қилди, деб ёзади Variety. Қандай фильм экани ҳақидаги тафсилотлар ҳали ошкор этилмаган.

Лойиҳаларга ҳали ҳеч бир режиссёр қўшилмаган. Бироқ хабарда ёзлишича, “Узуклар ҳукмдори” фильмининг биринчи трилогияси режиссёри Питер Жексон ва ҳаммуаллифлар Френ Уолш ҳамда Филиппа Байенс Warner Bros ва Швециянинг Embracer медиа компанияси “бизни лойиҳанинг ҳар бир босқичидан хабардор қилиб турибди”, деб таъкидлаган. “Биз уларнинг франчайзинг ривожланиши ҳақидаги тасаввурларини эшитиш учун бундан кейин ҳам мулоқотни интиқлик билан кутамиз”, дейди Жексон.
Ўз навбатида, Толкиннинг китобларига, жумладан “Узуклар ҳукмдори” ва “Хоббит”га эгалик ҳуқуқини қўлга киритган Embracer Group бош директори Ли Гинчард компания New Line Cinema ва Warner Bros билан биргаликда янги “саёҳат”ни бошлашдан жуда хурсанд эканини маълум қилди. “Биз ўтмишни ҳурмат қилишни, келажакка қарашни ҳамда сифат ва ишлаб чиқариш қадриятларининг энг юқори даражасини сақлаб қолишни режалаштирмоқдамиз”, деди Гинчард.

Айтиш керакки, “Узуклар ҳукмдори” трилогияси кино тарихидаги энг йирик лойиҳалардан биридир. Уни суратга олиш ишлари саккиз йил давом этди. Ҳар учала фильм ҳам Янги Зеландияда суратга олинган ва 2001 йилдан 2003 йилгача экранларга чиқарилган. Ҳар бири 90 миллион долларга яқин бюджетга эга бўлган учта фильм бутун дунё бўйлаб 2,9 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирди. Жами учта фильм 30 та “Оскар”га номзодлик қилган, шундан 17 тасида ғолиб бўлган ва бу кино трилогиялари бўйича рекорд ҳисобланади. Учинчи қисм – “Қиролнинг қайтиши” номинация қилинган барча тоифаларда ғолибликни қўлга киритган. Фильмлар New Line Cinema ва WingNut Films томонидан суратга олинган.

Орадан 11 йил ўтиб, фильмнинг преквели “Хоббит” трилогияси эфир юзини кўрди. Фильмлар режиссёрлари Гилермо дел Торо ва Питер Жексон. Трилогия, шунингдек, 745 миллион долларлик бюджет билан бутун дунё бўйлаб 2,9 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan