Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида “Ҳадя” деб номланган боб бўлиб, ушбу бобда ҳадя шартномасининг шакли, уни тузиш, бекор қилиш, ҳадя бўйича ҳуқуқий ворислик, хайр-эҳсон туридаги ҳадя ҳақида батафсил маълумот берилган.
Ҳадя шартномасига кўра, бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текин мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талабини) беради ё бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади, яъни озод қилиш мажбуриятини олади.
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ҳақиқий ҳисобланмайди. Чунки бу ҳадя эмас, васиятномага тўғри келади. Ҳадя шартномасида кўзда тутилган мулк тарафлар томонидан шартнома имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Ҳадя шартномасини имзоланган заҳотиёқ иккинчи тараф мулкига ўтиб кетади ва қарор ўзгартирилмайди.
Агар ҳадя қилишни ният қилган инсон ҳали шартнома тузилмасдан оламдан ўтиб қолса, бўлажак ҳадя эгаси мулкни талаб қилишга ҳақли эмас. Бу шунчаки қуруқ ваъда ҳисобланади. Агар нотариал идорада иш бошланган бўлиб, шартнома тузиш ҳаракатлари амалга оширилган бўлса, ишни мархумнинг яқинлари мерос гувоҳномасини расмийлаштириш орқали давом эттиришлари мумкин.
Шартнома асосида кўчмас мулк (уй) ҳадя қилингани амалиётда кўп кузатилгани боис, баъзи инсонлар бошқа нарсалар билан ҳадя шартномасини тузиш мумкин эмас, деб ўйлайдилар. Аслида расмий ҳадя автомашина, қимматбахо қоғоз, қимматбахо буюм, кўп миқдордаги пул ҳам бўлиши мумкин.
Ҳадяни топшириш уни тақдим қилиш, рамзий топшириш (калит ва ҳоказоларни тақдим қилиш) ёки ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.
Ҳадя қилиш, айни пайтда ҳадяни олувчига топшириш оғзаки амалга оширилиши мумкин.
Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида, фуқаролар ўртасида базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда, шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим.
Кўчмас мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Агар ҳадя шартномаси рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳадяни қабул қилишни рад этиш ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.
Шуни такидлаш лозим, эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади.
Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин. Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим. Ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ва ҳадяни бекор қилиш тўғрисидаги қоидалар оғзаки тузилган ҳадя шартномаларига нисбатан қўлланмайди.
Қонунчиликка мувофиқ, қуроллар ёки шу каби жамоат хавфсизлигига хавф солувчи буюмларни ҳадя қилиш мумкин эмас. Ҳадя қилувчи ҳадя қилинган хонадонда оила аъзоси сифатида истиқомат қилишга ҳақлидир. Ҳадя қилувчи ҳадя эвазига нимадир талаб қилишга ҳақли эмас.
Ҳадянинг васиятномадан фарқи.Фуқаролик қонунчилигида ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин оширилишини назарда тутувчи шартнома тан олинмайди. Бундай ҳолатда ҳадяга нисбатан васиятнома тўғрисидаги қоидалар қўлланади. Ҳадянинг васиятномадан фарқи шундаки, мулк ҳадя қилувчининг тириклигида топширилади.
Ҳулоса ўрнида шуни такидлаш лозимки, ҳадя шартномаси баъзи ҳуқуқий белгилари билан бошқа шартномалардан фарқланади. Буни уларнинг ҳақиқий саналмаслиги ҳолларида ҳам кўриш мумкин. Битимларнинг ҳақиқий саналиши учун одатда қўйиладиган шартлардан ташқари, ҳадяда, биринчидан, ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклидаги ҳадя ашёсини аниқ кўрсатиш керак. Иккинчидан, ҳадя предмети ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг тириклигида топширилиши керак. Бундан ташқари, ҳадя шартномалари, албатта, оддий ёзма шаклда тузилиши, кўчмас мулкларни ҳадя қилиш эса, айни пайтда нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳам керак..
Диёр Жумаев, Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси