Uncategorized

Бизнес Омбудсман ваколатлари кенгайтирилди

Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, улар томонидан давлат ва нодавлат ташкилот ва муассасаларга йўлланаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ҳал қилинишини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-744-сонли қонуни ҳам ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг “Маъмурий судлар” деб номланган 245-моддасида маъмурий судлар томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар кўрсатилган бўлиб, унинг айрим моддаларидаги ҳуқуқбузарликлар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолда содир этилган ҳолларда ҳамда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ бир қатор маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун чора кўриш бевосита Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ва унинг девони ходимларига ўтказилмоқда.  

Хусусан, қонунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 43-моддаси (Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолда содир этилганда,
2002-моддаси (Ер участкасини ноқонуний олиб қўйиш) тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилган ҳолда содир этилганда, шунингдек
2411-моддадаги хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, 2412-моддадаги  тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, 2413-моддадаги тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, 2414-моддадаги тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ҳолатларида,
2416-моддадаги имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, 
2418-моддадаги тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш ва 24110-моддадаги тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш ҳолатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тааллуқли бўлиши ҳамда унинг номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақлилиги Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2458-моддасида белгиланди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимлари ваколатларини кенгайтириш орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга қаратилгандир.

Асқар Мамараимов

Шеробод туманлараро иқтисодий судининг раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan