Uncategorized

Президентимизга табриклар келмоқда!

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли давлат, жамоат ва дин арбобларидан самимий қутловлар келмоқда. 

Уларда Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида эришган муваффақиятлари, мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш, республиканинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижалари эътироф этилган.

Мактубларда давлат раҳбари ва Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига фаровонлик, тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаклари изҳор этилиб, халқаро ҳамжамият олдида турган умумий глобал хатарлар тез фурсатда енгиб ўтилишига ишонч билдирилган. 

**

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси халқига самимий табрикларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳар бир аъзоси ўзининг бетакрор маданияти ва тарихига эга, уларнинг хилма-хиллиги БМТ ва дунёни бойитмоқда. Мамлакатингиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятида халқаро кун тартибидаги барча масалалар борасида иштирок этиши жуда ҳам муҳим.

Жорий йилда, Барқарор тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш бўйича ҳаракатларнинг биринчи ўн йиллигида, барчанинг манфаатига хизмат қиладиган адолатли глобаллашувни барпо этишда умумий мақсадларимизни кучайтиришимиз лозим.

Дунёни барча учун янада тинч, адолатли ва барқарор қилишга интилар эканмиз, бу борадаги барча саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси ва кўмагидан умидворман.

Жаноби Олийлари, Сизга бўлган энг юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

Aнтониу Гутерриш
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби

**

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромонович Мирзиёев Жаноби Олийларига

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Ўзбекистон Республикасининг миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз. 

Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда эришган муваффақиятлари барчага маълум. Мамлакатингиз жаҳон майдонида эътироф этилган обрў-эътибор қозонган, халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади. 

Россия-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида ривожланиб бормоқда. Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан кўп қиррали икки томонлама муносабаларни дўст халқларимиз фаровонлиги йўлида янада ривожлантирамиз. 

Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, сиҳат-саломатлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда улкан зафарлар, Ўзбекистоннинг барча фуқароларига эса бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

Ҳурмат билан,

Владимир Путин
Россия Федерацияси Президенти

**

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ҳурматли Президент Жаноблари!

Хитой Халқ Республикаси ҳукумати ва халқи номидан, шахсан ўз номимдан Сизни ва Сиз орқали биродар Ўзбекистон халқини давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан самимий табриклашга ижозат бергайсиз.

Кейинги йиллар Ўзбекистонда Сизнинг забардаст раҳбарлигингизда турли йўналишларда ислоҳотлар амалга оширилди, давлат қурилиши соҳасида катта муваффақиятларга эришилди. Хитой бундан чин юракдан мамнун. Коронавирус инфекцияси тарқалганидан сўнг Ўзбекистон ушбу эпидемияга қарши курашишда жипслашди. Ўзбекистон халқи бунда албатта ғалаба қозонишига қатъий ишонаман.

Жорий йилнинг май ойида телефон орқали дўстона руҳда мулоқот қилдик, коронавирусга қарши умумий курашимиз ва икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича муҳим келишувларга эришдик.

Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ҳамда ўртамиздаги намунали ишчан муносабатларимиз ва шахсий дўстликни юксак қадрлайман.

Табриклар келишда давом этмоқда!

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan