Расмий баёнот: “Сувоқова қувурларини таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қайд этилган камчиликлар бартараф этилди”
Сайтимизда жорий йилнинг 17 август санасида фуқаро мурожаатига асосланган “Маҳалла идораси олдида сув трубаси ёрилган. Мутасадди раҳбарлар бефарқ…” (https://diyor24.uz/9391) номли мақола эълон қилинган эди.
Ушбу мақола юзасидан Сурхондарё вилоят прократураси расмий баёнот берди. Расмий баёнотда, хусусан, шундай дейилган:
“Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар, “Саҳоват” маҳалласи, Чилонзор кўчаси аҳолисининг ҳудудда ичимлик сувооқова қувурини таъмирлашда амалий ёрдам зарурлиги тўғрисида тарқалган хабарлар Термиз шаҳар прокуратураси томонидан мутасадди ташкилотлар мутахассислари жалб қилинган ҳолда жойига чиқиб ўрганилди.
Ўрганиш натижасига кўра, 2020 йилнинг 18 август куни мазкур ҳудуддаги ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ сувоқова қувурларини таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қайд этилган камчиликлар бартараф этилди.
Бундан ташқари, Термиз шаҳар, Ислом Каримов кўчасида ўрнатилган тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш масаласида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ҳам шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олиниб, тегишли мутахассислар иштирокида жойига чиқиб ўрганилди ва натижасига кўра, талабга жавоб бермайдиган тунги ёритиш чироқларининг сифатли ёритувчи чироқларга алмаштирилиши таъминланди”.