ЖАМИЯТ

Барча маданият муассасалари учун ягона манзилдан чипта харид қилиш мумкин бўлади

Ўзбекистондаги барча маданият муассасалари чипта операцияларининг ягона электрон тизимига босқичма-босқич уланмоқда. Мазкур тизим ягона манзил орқали барча маданият муассасаларига чипта харид қилиш имконини беради. Тизимни ишга тушириш ишлари Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда.

Ҳозирча тажриба-синов тариқасида чипта операцияларининг ягона электрон тизимига Aлишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбек миллий драма театри, Муқимий номидаги давлат мусиқали театри ва Бухоро давлат музей-қўриқхонаси уланган.

Синов даврининг биринчи босқичида ушбу муассасалар ходимлари тизимда ишлашнинг ўзига хос хусусиятлари билан танишиб, чипта сотуви учун ундан фойдаланишни бошлашади. Синов муддати якунлангач, мамлакатнинг барча чипта асосида ишловчи давлат театрлари, музейлар ва Маданият вазирлигининг бошқа идоравий ташкилотлари тизимга уланади.

Чипта операцияларининг ягона электрон тизими маданият муассасаларида амалга оширилаётган чипталар савдосини мониторинг қилиш, тақдим этилаётган хизматларнинг шаффофлиги, сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, соҳадаги спекулятив фаолиятни минималлаштириш имконини беради. Соҳада регуляторнинг пайдо бўлиши рақобат муҳитини яхшилайди, бозорни монополиядан холи қилади.

Шунингдек, тизимда блокчейн технологиясидан фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилган. Мазкур технология чипталар сотилишида шаффофликни таъминлаш билан бирга, чипталар савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатни ҳимояланган маълумотлар базасида қайд этади. Бундай занжирли маълумотлар ёзувини ўзгартириш ёки ўчириш мумкин эмас.

Қайд этилишича, чипта операцияларининг ягона электрон тизими маданият тадбирларига чипта сотиш учун онлайн-савдо платформалари, шунингдек, провайдерлар ва бошқа хизматларнинг фаолиятини чекламайди. Яратилган рақобат муҳитидан қулай ва мос хизмат турини танлаш ҳуқуқини харидорнинг ўзида қолдиради.

Манба: Madaniyat.uz

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan