САЛОМАТЛИК Фойдали

Иммунитетни қандай қилиб кўтарса бўлади?

Иммунитет — бу организмнинг инфекциялар, вирусларга қарши турувчи ва саратон ҳужайраларини ўлдирувчи ўта муҳим қобилияти. Уни қандай сақлаш ва мустаҳкамлаш керак?

Кўп сув ичинг!

Сув иммунитетни кўтаришнинг энг оддий ва арзон воситаси ҳисобланади. Сиздан фақат ирода талаб қилинади, холос. Сувни ҳар куни етарли миқдорда (1,5-2 л) оз-оздан ичинг. Таъмини яхшилаш учун унга лимон ёки бошқа меваларни қўшиш мумкин. Бундан ташқари, тонгни ҳам бир стакан сув билан бошлаган маъқул — бу организмни токсинлардан тозалаш ва ички тизимларни ишга туширишга ёрдам беради. Кун давомида сувни овқатланиш пайтида эмас, алоҳида ичган яхши, чунки суюқлик ошқозон ширасини суюлтириб, овқатнинг ҳазм бўлишини қийинлаштиради.

Мия фаолиятини тезлаштириш

Миянинг режалаштириш, хотира ва абстракт фикрлаш учун жавоб берувчи бўлимлари билан организмнинг ҳимоя тўсиқлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқа борлиги исботланган. Кўпроқ китоб ўқинг, кроссвордлар, ребуслар, жумбоқларни ечинг.

Мушук боқиш

Мушуклар эгаларининг иммунитетини кўтаради, уларни юрак хасталикларидан ҳимоя қилади, асаб тизимига яхши таъсир кўрсатади, деб ҳисобланади. Бу ҳайвонларнинг тана ҳарорати 38-39 даража ва агар инсон шамоллаб қолса, ҳуриллаган мушук эгасининг ёнига ётиб, унинг организмини иситади, жонли иссиқлик эса шамоллашни енгишга ёрдам беради.

Оптимист бўлиш керак

Оптимизм руҳидаги инсонлар ўзларини пессимистларга (руҳи тушган) кўра яхшироқ ҳис қилишади, узоқроқ умр кўришади. Бу фарқ тахминан 12 йилни ташкил қилади. Инсон табиатини тубдан ўзгартиролмайди, аммо кўп нарсаларга муносабатини ўзгартириб, ўзида оптимистни тарбиялаши мумкин.

Мусиқа тинглаш

Мусиқа ўта тажовузкор бўлмаслиги керак. Муҳими, у қулоққа ёқадиган бўлиши лозим. Ҳар куни 30 дақиқа джаз мусиқасини тинглаш иммунитет учун жавоб берувчи иммуноглобулин даражасини кўтаради.

Қоронғиликда ухлаш

Фақат буткул қоронғиликда организмимиз иммунитетга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи мелатонин гормонини ишлаб чиқара олади. Тўйиб ухламаслик ёки кечаси чироқнинг таъсири мелатонин ишлаб чиқарилишини камайтириб, аёлларда эстроген даражасини оширади, бу эса кўкрак саратонига олиб келиши мумкин. Тунги сменада ишлайдиган аёлларда кўкрак саратони хавфи 60%га ошади.

Сукунатдан лаззатланиш

Ёқимсиз ва жуда баланд товушлар организмга ёмон таъсир кўрсатади. Улар томирларнинг сиқилиши, адреналин, хавотирнинг ошишини келтириб чиқаради. Организм зиқлик ҳолатида бўлса, иммунитет тушади. Шунинг учун имкон қадар кўпроқ вақтни сукунатда — уйда ёлғиз ёки табиатда ўтказиш муҳим.

Кефир

Кефир таркибида пробиотиклар бўлиб, улар бизни шамоллашлар мавсумида касал бўлишдан сақлайди. Улар организмнинг табиий иммунитетини ушлаб туради. Шунингдек, кефирнинг ошқозон-ичак фаолияти учун фойдаси бебаҳо. Ухлаш олдидан бир стакан кефир ичиш организмнинг ишлаши учун ёрдам беради ва иммунитетни кўтаради.

Очиқ ҳавода юриш

Олимлар ўтказган тажриба натижасида икки кун давомида ҳар куни 6 соатдан очиқ ҳавода сайр қилган эркакларда иммунитетни мустаҳкамловчи ҳамда саратонга чалинишга қарши курашувчи табиий ҳужайраларнинг даражаси ошгани аниқланди. Бу ижобий таъсир яна 30 кун давом этди. Дам олиш кунларини шаҳардан ташқарида, боғда, табиат қўйнида ўтказишга ҳаракат қилинг.

Занжабил, алоэ, саримсоқ, асал, прополис иммунитетни кўтаради.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan