СПОРТ

«Сурхон» бош мураббийи яна ўзгарди

Воҳанинг «Сурхон» футбол клуби янги бош мураббий билан келишувга эришди. Ўзбек футбол мухлисларига яхши таниш бўлган тажрибали мураббий Равшан Ҳайдаров расман «Сурхон» футбол клуби бош мураббийи этиб тайинланди, дея ёзмоқда клуб расмий сайти. Ҳайдаровнинг Термиз билан неча йиллик шартнома имзолагани маълум қилинмаган.

Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, олдинроқ Баҳром Ҳайдаров «Сурхон»дан истеъфога чиққач, клуб бош мураббийи сифатида жамоа аъзоларига Александр Хомяков таништирилган эди. Бироқ номаълум сабабларга кўра, россиялик мутахассис Термиз жамоасида ишламайдиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Равшан Ҳайдаров ўз вақтида «Пахтакор» жамоаси билан бир неча бора Ўзбекистон чемпиони ва кубогини қўлга киритган. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларини бошқарган. 2018 йили Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё кубоги ғолиблиги ва шу йили Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи унвонини қўлга киритган.

Равшан Акмалович бугунги кунда Ўзбекистон (U-23) ёшлар жамоаси бош мураббийи ҳам ҳисобланади. Ишонамизки, Равшан Ҳайдаров ўзига билдирилган ишончни оқлаб,  Сурхондарё футболи равнақига ҳам ўз ҳиссасини қўшади», – дейилади клуб расмий хабарида.

Эслатиб ўтамиз, «Сурхон» Суперлига 7 туридан кейин 4 очко билан турнир жадвалида 12 ўринда бормоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan