1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистон шарқида рўй берган зилзила 800 дан ортиқ кишининг ҳаётдан кўз юмишига олиб келди. Яна 2800 нафардан ортиқ инсон жароҳатланган. Бу ҳақда “Толибон” ҳукумати расмийси Забиҳулло Мужоҳид маълум қилди.

Вайроналар остидан омон қолганлар қидирилмоқда.“Маҳаллий расмийлар ва аҳоли жабрланганларни қутқариш учун ҳамма чораларни кўряпти. Пойтахтдан ва атроф вилоятлардан ёрдам гуруҳлари аллақачон йўлда. Инсонларни қутқариб олиш учун барча ресурслар йўналтирилади”, – дея ёзди Мужоҳид Х тармоғидаги постида.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан биродар Афғонистон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан 31 август соат 23:47 да содир бўлган, эпицентри Нангарҳор вилоятининг Жалолобод шаҳридан 27 километр шимоли-шарқда жойлашган. У атиги 8 километр чуқурликда бўлган, чуқур бўлмаган зилзилалар эса одатда катта ҳалокатларга олиб келади.
Тахминан 20 дақиқадан сўнг ўша вилоятда 4,5 магнитудали афтершок қайд этилган. Ер силкинишлари тоғли Кунар вилоятида ҳам содир бўлган. Офат таъсир қилган ҳудудларда кўплаб лойли ва тошли уйлар вайрон бўлган.
Маълумот учун, Афғонистонда 2023 йил 7 октябрда 6,3 магнитудали зилзила рўй берган, ўшанда “Толибон” ҳукуматининг ҳисоб-китобларига кўра камида 4 минг киши ҳалок бўлган. БМТ эса қурбонлар сонини 1500 кишидан камроқ деб баҳолаган.