Москва шаҳар суди Нижний Новгороддан бўлган дастурчи Сергей Иринни давлатга хиёнатда айбдор деб топди ва уни 15 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси хабар берди.

Жиноий жавобгарликка тортилишига унинг Украина армиясига ёрдам берувчи жамғармага хайрия қилгани сабаб бўлган. Суд уни Россия Жиноят кодексининг 275-моддаси (давлатга хиёнат, яъни Россия Федерацияси фуқароси томонидан Россия хавфсизлигига қарши қаратилган фаолиятда хорижий давлатга молиявий ёрдам кўрсатиш) билан айбдор деб топди.
Суд ҳукми билан у 15 йилга озодликдан маҳрум қилинди: дастлабки 3 йил озодликдан маҳрум қилиш, қолган муддат эса қаттиқ режимли колонияларда бўлади. Шунингдек, у 5 миллион рубл (62 минг доллар) дан ортиқ жарима билан жазоланди.
2022 йилнинг феврал ойида Ирин ҳарбийлар учун пул йиғувчи Украинанинг “Тирик бўлиб қайт” жамғармасига 500 доллар хайрия қилди. Шу билан бирга, у Кремл яқинидаги Манежная майдонида Россиянинг Украинага бостириб киришига қарши митингда иштирок этгани учун 10 минг рубл миқдорида жаримага тортилди.
У мамлакатни тарк этди, Туркия ва Шри-Ланкада яшади. Аммо 2024 йилнинг апрел ойида у Россияга қайтди. У ерда ҳибсга олинган ва Москвага кўчирилган. Маҳаллий нашрларга кўра, сўроқ пайтида у қийноққа солинган. У Украина Қуролли Кучларига ёрдам беришини инкор этмаган ва буни Украинага ёрдам бериш истаги билан изоҳлаган.