STATISTIKA

Ўзбекистонда 5 йилда кибержиноятлар билан 1,9 трлн сўмдан ортиқ пул талон-торож қилинган

ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизматининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда сўнгги беш йилликда кибержиноятлар 68 бараварга кўпайган.

Қайд этилишича, биргина ўтган йилда 2023 йилдагига нисбатан 9,1 баравар ошган. Ушбу даврда кибермакондаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатлар сони 34 баравар кўпайган.

Мазкур жиноятлар натижасида фуқароларнинг 1 триллион 909 миллиард сўмдан ортиқ маблағи талон-тарож қилинган.

2019 йилда ахборот технологиялари орқали 18 турдаги 863 та жиноят содир этилган бўлса, 2024 йилда 62 турдаги 58 минг 800 та жиноят қайд этилгани ҳамда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши сезиларли равишда ортиши кузатилгани уларнинг олдини олиш заруратини янада долзарблаштирмоқда.

2023 йилда кибержиноятларнинг умумий жиноятчиликдаги улуши 6,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 44,4 фоизга етиб, деярли ҳар иккита жиноятнинг бири ахборот технологиялари орқали содир этилди. Бу ҳолат уларнинг олдини олиш тизимини мунтазам, йилма йил такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.

Кибержиноятларнинг асосий қисмини (98 фоизи) банк карталари билан боғлиқ жиноятлар (киберўғрилик ва киберфирибгарлик) ташкил этмоқда.

Кибержиноятлар асосан қуйидаги усулларда содир этилмоқда:

– 60 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан;

– 16 фоизи турли алдовлар билан банк картаси ҳамда мобил иловалардаги аккаунтлар бошқарувини тасдиқловчи СМС кодни қўлга киритиш йўли билан;

– 4 фоизи шахс номига онлайн кредит расмийлаштириш орқали;

– 11 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали;

– 9 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида содир этилмоқда.

Мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қатор ҳуқуқий ва ташкилий техник чоралари кўриб келинмоқда.

Юқорида келтирилган таҳлиллар ва статистик маълумотлар асосида ахборот-коммуникация технологияларининг кенг тарқалиши ва реал вақт режимида чексиз ахборот алмашинуви имкониятлари ортиб бориши шароитида кибержиноятлар мураккаб трансмиллий муаммога айланиб бораётганини кўриш мумкин.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan