
Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари кўмагида Россиянинг Свердловск вилоятида мушкул аҳволда қолган бир оиланинг беш нафар аъзоси Ўзбекистонга қайтарилди.
Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонасидан олинган маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида туғилган юртдошимиз X.R. фарзандлари билан оғир молиявий аҳволда қолганлиги сабабли амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, X.R. жорий йилнинг сентябрь ойида турмуш ўртоғи ва тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари билан вақтинча ишлаш мақсадида Свердловск вилоятига келган.
Оила боқувчиси сифатида унинг турмуш ўртоғи Свердловск вилояти Белоярск туманида якка тартибда қурилиш фирмаларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. Свердловск вилояти ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан ўтказилган рейд тадбири давомида оила боқувчиси Россияда бўлиш қоидасини бузганлиги сабабли қўлга олинади ва унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Ўрганишлар натижасида R.X.ning турмуш ўртоғи вақтинча ишлаган қурилиш фирмасида бир ойлик иш ҳақи тўланмагани аниқланди ва у иш берувчидан олиб берилди. Шунингдек, ҳамюртимизга ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзандларига «Екатеринбург-Тошкент» авиарейсига чипта сотиб олинди.
Ватандошларимиз 10 декабрь куни Екатеринбург шаҳридаги «Колсово» халқаро аэропортидан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.