ХАБАРЛАР

Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз!

     Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти  Ш.Мирзиёев раислигида ўтган коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий Кенгашнинг  кенгайтирилган йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқиб ўтказилган партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси қўшма йиғилишида жорий йилнинг апрель ойи “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди. Мазкур ойлик доирасида партия фаоллари ташаббуси билан республикамиз бўйлаб коррупцияга қарши кураш мавзусида кенг қамровли тадбирлар ташкил этиляпти. Барча вилоятлар қаторида партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари томонидан ҳам ҳудудларда коррупцияга  қарши курашиш ва унинг олдини олиш юзасидан жойларда тадбирлар бўлиб ўтяпти.

     Хусусан, “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ва ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан Термиз шаҳридаги 1-сонли умумтаълим мактаби мажлислар залида «Адолат» СДПнинг “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилиш бўйича «Биз коррупцияга қаршимиз!» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда партия вилоят Кенгаши вакиллари, депутатлар, туман ИИБ ходимлари, мактаб ўқитувчи-педагоглари ва юқори синф ўқувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

       Тадбирда сўзга чиққанлар коррупция иллати ва уни илдизи билан қуритиш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунида коррупцияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш чоралари кўзда тутилгани, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмаслиги таъкидланди.

        Тадбирда сўз олганлар коррупция балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан қутқариш шарафли бурчимиз эканлигини ҳамма бирдек тушунмоғи шарт эканлигини уқтирдилар. Порахўрлик ва тамагирликдан тийила олмаётган шахслар жазога тортилиши муқаррарлигини қайд этдилар.

         Айтиш керакки, жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум. Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида  кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир. Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли. Албатта, бу каби тадбирларнинг ўтказилиши фуқароларда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий онгни ошишида, уларда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик маданиятини шакллантиришда катта аҳамиятга эгадир.

     Тадбир сўнггида иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига маърузачилар томонидан аниқ ва батафсил жавоблар қайтарилди.

Гулшод Турсоатова, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan