
Ўзбекистон Global Soft Power Index 2025 рейтингида 33,6 балл тўплаб, 101-ўриндан 99-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда Brand Finance консалтинг ташкилоти томонидан эълон қилинган рейтингда келтирилган.
Мазкур индекс бирор давлатнинг халқаро ҳамжамиятга таъсир кўрсатиш қобилиятини кўрсатади. У мажбурий куч ишлатиш (қаттиқ куч) ўрнига, ишонтириш ва жозибадорлик орқали таъсир ўтказиш имкониятини баҳолайди. Бошқача айтганда, юмшоқ куч – бу давлатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътибори бўлиб, у бошқа мамлакатларнинг ушбу давлат билан ҳамкорлик қилиш истагини шакллантиради.
Рейтинг 100 дан ортиқ давлатдан 170 мингдан ортиқ кишининг фикри асосида тузилган бўлиб, унда 193 мамлакат баҳоланган. Ҳар бир давлат 55 та турли мезон бўйича баҳоланган, жумладан:
- Бизнес ва савдо;
- ОАВ ва коммуникация;
- Маданият ва мерос;
- Таълим ва фан;
- Одамлар ва қадриятлар;
- Халқаро муносабатлар;
- Бошқарув;
- Барқарор ривожланиш;
- Таъсир ва обрў.
Ўзбекистоннинг индексдаги кўрсаткичлари қуйидагича:

Энг катта ўсиш маданият ва мерос (+10) ҳамда таъсир ва обрў (+9) категорияларида кузатилди. Ўзбекистон таълим ва фан (-11) ва халқаро муносабатлар (-13) кўрсаткичлари бўйича ўз позициясини ёмонлаштирган.
Рейтингнинг биринчи ўрнини АҚШ эгаллаган. Иккинчи ва учинчи ўринларда Хитой ҳамда Буюк Британия жойлашган. Россия 16-ўринда, Украина 46-ўринда, Беларусь эса 80-ўринда қайд этилган.
Қирғизистон 146-ўринни, Тожикистон 141-ўринни, Қозоғистон 87-ўринни, Туркманистон эса 134-ўринни эгаллаган.