Қозоғистонда тиббиёт ходимларини калтаклаганлик учун жиноий жазо жорий этиш таклиф қилинмоқда

Тиббиёт соҳаси ходимлари хизмат вазифаларини бажариш чоғида уларга нисбатан содир этилган жиноятларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши керак. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Акмарал Алназарова маълум қилди.
“Тиббиёт ходимларининг меҳнат фаолияти давомида ўз соғлиғини хавф остига қўйиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Яқинда Қўстанайда тез тиббий ёрдам фельдшерига ҳужум уюштирилди. Чақирувга асосан келган ёш ишчи Анел Баймурзина олган жароҳатлари ортидан касалхонага ётқизилди”, дея ёзган вазир.
Шу билан бирга, вазир шошилинч тиббий ёрдам ходимлари инсон ҳаётининг энг хавфли даврида ёрдамга келганда, ўзининг ҳаёти ҳақида ўйлашга вақти йўқлигини ҳам таъкидлаган.
Акмарал Алназарова тақдим этган маълумотларга кўра, 2019-2023 йилларда Қозоғистонда 158 нафар тиббиёт ходими хизмат вазифаларини бажариш чоғида тан жароҳати олган.
Унинг қўшимча қилишича, тиббиёт ходимларига хизмат вазифаларини бажариш чоғида содир этилган босқин ва зўравонлик ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликни жорий этиш таклифи депутатлар томонидан қўллаб-қувватланган.
“Бундай ҳаракатлар адолатли жазоланиши, жумладан, эркинликни чеклаш ва жамоатчилик томонидан қораланиши керак”, деган вазир.