
Суриядаги қуролли мухолифат қўмондонлиги аёлларни ҳижоб кийишга мажбурлашни тақиқлади. Бу ҳақда Al-Watan Online газетаси хабар бермоқда.
“Олий қўмондонлик: аёлларни маълум кийимда кийинишга мажбурлаш ёки уларнинг кийим танлаш ҳуқуқига тўсқинлик қилиш ёки ташқи кўриниши билан боғлиқ шикоят қилиш қатъиян ман этилади”, — дейилади хабарда.
Сурия мухолифати 27 ноябрдан бери кенг жабҳада катта ҳужум уюштирди. Унинг нишонлари қишлоқлар, шаҳарлар ва ҳарбий объектлар эди. Ҳужумларни “Жабҳат ан-Нусра” кучлари амалга оширмоқда. Асаднинг ҳокимиятда бўлишига рози бўлмаган гуруҳлар 2016 йилдан бери биринчи марта мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Алеппога киришди.
5 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи ва унинг иттифоқчиси бўлган Озод Сурия армияси мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри Хамани эгаллаб олди. “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жулоний мухолифатнинг мақсади Асадни ағдариш эканига ишора қилди.
8 декабрь куни Сурия қуролли мухолифати Дамашқни қўлга киритгани ва аввалги ҳукумат қулаганини эълон қилди. 9 декабрь куни Россия матбуоти Асад Москвада экани ҳақида хабар берган эди.