
Марказий банк 2024-йилнинг тўққиз ойи давомида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, январ—июн ойларида Ўзбекистон аҳолисига 11,72 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Бунда республикада жами 42 минг 790 нафар фуқаро банклардан фоизли қарз олган бўлиб, уларнинг 27,1 минг нафари (63 фоизи) эркаклар, 15,6 минг нафари (37 фоизи) хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келган.
Ипотека кредитларининг 65 фоизи бирламчи бозордаги уйларга, 35 фоизи иккиламчи бозордаги уйларга ажратилган. Фоизли қарзларнинг 65 фоизини 31–50 ёшлар оралиғидаги инсонлар, 27 фоизини 18–30 ёшдагилар, 8 фоизини 50 ёшдан юқори бўлганлар олган.
Январ–сентябр ойларида “Янги тартиб” дастури бўйича мамлакатнинг 23,7 минг фуқаросига 6,07 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган.
Энг кўп кредитлар Тошкент шаҳри аҳолисига берилган — 3 536,9 миллиард сўм. Кейинги ўринларда:
Самарқанд вилояти (1019,2 миллиард сўм);
Фарғона вилояти (1011,4 миллиард сўм);
Андижон вилояти (834,7 миллиард сўм);
Навоий вилояти (748,8 миллиард сўм);
Тошкент вилояти (648,7 миллиард сўм).
Марказий банкнинг маълум қилишича, 2024-йилнинг тўққиз ойида тижорат банклари томонидан аҳолига 11,7 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилган. Бу кўрсаткич 2023-йилда 16, 9 триллион сўм, 2022-йилда 14,4 триллион сўм, 2021-йилда 9,8 триллион сўм, 2020-йилда 9,1 триллион сўмни ташкил этган.
“2024-йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинганди. Унга кўра, мазкур кредит миқдори Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 330 миллион сўмгача, Тошкент шаҳрида — 420 миллион сўмгача қилиб белгиланган.
2024-йил 23-сентябр куни ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари доирасида аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи бошланди.