ДУНЁ

НАТО Латвия ва Литвадаги базаларини кенгайтирмоқда

НАТОнинг Латвиядаги кўп миллатли бригадаси Адажи шаҳрида Канада ва Испания томонидан молиялаштирилган 7 миллион долларлик янги базасини очди, дебхабар беради Euronews.

Қайд этилишича, базага зирҳли техникалар, чодирлар ва техник хизмат кўрсатиш обектлари жойлаштирилган бўлиб, у 2026 йилда тўлиқ ишга тушиши кутилмоқда.

Литва ҳам, шунингдек, 2026 йилгача Рукладаги бригада инфратузилмасини кенгайтириш ишларини олиб бормоқда. Немис қўмондони Харалд Ганте Литва билан муваффақиятли ҳамкорликни эътироф этиб, ушбу база иттифоқчилар ҳарбий техникасига хизмат кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Рукладаги қурилиш ишлари режа бўйича кетмоқда: йил охирига бориб Литвага 200 нафарга яқин немис аскари етиб келади, кейинги йилга бориб эса уларнинг сони 800 нафарга етади. 2027 йилда бригада тўлиқ ишга тушиши керак.

НАТОнинг Латвиядаги кўп миллатли бригадаси таркибига Албания, Чехия, Дания, Исландия, Италия, Латвия, Черногория, Шимолий Македония, Полша, Словакия, Словения ва Испания кучлари киради, бундан ташқари, Швеция ҳам уларга қўшилиши мумкин.

Март ойида Латвия НАТОга аъзолигининг 20 йиллигини нишонлаган эди. У 2002 йилда Болгария, Эстония, Литва, Руминия, Словакия ва Словения билан бирга альянсга қўшилишга таклиф қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши фонида Финландия 2023 йилда НАТОга қўшилди ва шу билан 75 йиллик бетарафлик даврини тугатди. Натижада альянснинг Россия билан умумий чегараси икки баробарга ортиб, 2600 километрга етди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan