ДУНЁ

Бельгияда янги ҳукумат тузишга уриниш муваффақиятсиз якунланди

Бельгияда ҳукумат тузиш бўйича биринчи уриниш муваффақиятсиз якунланди. Мамлакатдаги парламент сайловларида ғалаба қозонган ўнг «Янги Фламанд альянси» партияси раҳбари Барт Де Вевер янги ҳукуматни шакллантириш доирасида музокаралар олиб бориш учун мандатини қайтарди, деб хабар бермоқда Reuters Бельгия қироли Филипп сиёсатчининг истеъфосини қабул қилди.

Қайд этилишича, Де Вевер француз тилидаги либерал «Ислоҳотлик ҳаракати», «Христиан демократлар ва фламандлар», Вооруит Фламанд социалистик партияси ҳамда Les Engagés француз тилидаги марказчи партияси билан коалиция тузиш ниятида бўлган. Музокаралар Де Вевер томонидан таклиф этилган муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, пенсия ва солиқ тизимларига ўзгартиришлар, шунингдек, давлат харажатларини қисқартириш атрофида бўлди.

Музокаралар давом этар экан, июнь ойидаги сайловларда мағлубиятга учраган «Очиқ фламанд либераллари ва демократлари» партияси вакили Бельгия бош вазири Александр Де Кроо ҳукумати ўз вазифаларини бажаришда давом этади. 2019 йилги сайловлардан кейин ҳукумат фақат 493 кундан кейин тузилганди. Бельгияда янги ҳукумат шакллантиришдаги танаффус бўйича рекорд 541 кунни ташкил этади.

Бельгияда парламент сайловлари

Бельгияда нидерланд тилида сўзлашувчи партиялар Фландрияда, француз тилида сўзлашувчи сиёсий кучлар эса Валлонияда вакиллик қилади. 2024 йилги парламент сайловларида мамлакатнинг нидерланд тилида сўзлашувчи қисмида биринчи ўринни Антверпен бургомистри Барт Де Вевернинг мўътадил ўнг «Янги Фламанд альянси» партияси, француз тилида сўзлашувчи қисмида эса либерал «Ислоҳотлик ҳаракати» эгаллади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan