
Ўзбекистон Президенти ҳузурида Иқлим кенгаши ташкил этилади бу ҳақда Президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Иқлим кенгаши иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш масалалари бўйича Президент ҳузуридаги энг юқори маслаҳат органи ҳисобланади.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси ва Париж битимидан келиб чиқадиган Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилиши мониторингини юритиш Иқлим кенгашининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Яшил трансформация ва иқлим ўзгаришига мослашиш миллий маркази Иқлим ўзгариши миллий маркази (Иқлим маркази) деб қайта номланди.
Бундан ташқари, Илмий ва академик салоҳиятни ошириш ҳамда фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) Иқлим илмий форуми (резиденцияси) (Иқлим резиденцияси) ташкил этилади.