Орхус университетининг даниялик олимлари Гренландияда ноодатий йирик ва мураккаб вирусларни топди. Бундай турдаги микроорганизмлар биринчи марта муз орасидан топилган. Тадқиқот Microbiome илмий журналида чоп этилди.

Одатий вирусларнинг ўлчамлари 20 дан 200 нанометргача, оддий бактерия эса 2 дан 3 микрометргача ўсади. Яъни, оддий вирус бактериядан тахминан 1000 марта кичикдир. Бироқ, гигант вируслар 2,5 микрометрга этиб, кўпчилик бактериялар миқёсидан ошиб кетади. Бундан ташқари, гигант вирусларнинг геноми уларнинг стандарт қариндошлари геномидан 10 баравар каттароқ ва 2,5 миллионгача нуклеотидни ўз ичига олиши мумкин.
Жамоа Гренландия гигант вируслари қор ёсунлари билан озиқланишини аниқлади. Ҳар баҳорда бу ўсимликлар Гренландия музининг катта майдонларини қоплайди. Уларнинг қоронғи юзаси музликларнинг акс эттириш қобилиятини пасайтиради ва қуёш нурлари остида эришини тезлаштиради.
Олимларнинг фикрига кўра, вируслар ёрдамида қуёш энергияси таъсирида муз қатламларининг эришига йўл қўймаслик, сув ўтларининг ривожланишига тўсқинлик қилиш мумкин.
Бироқ, гигант вируслар ҳали етарлича ўрганилмаган. Оддий вируслардан фарқли ўлароқ, улар ДНКни тузатиш, репликация қилиш, транскрипция қилиш ва таржима қилиш имконини берувчи кўплаб фаол генларга эга. Микробиологлар бу генетик механизмлар қандай қўлланилишини ҳали аниқ билишмайди, аммо кейинги тадқиқотлар орқали буни аниқлашга умид қилишади.
Илгари олимлар оқава сувда инсон миясини еювчи амёбаларни йўқ қиладиган улкан вирусни топишган эди.