Миллий олимпия қўмитаси спорт ташкилотлари билан бирга Парижда ўтадиган ёзги олимпия ўйинларига тайёргарлик учун январь-март ойларида 73,3 млрд сўм маблағ сарфлади. Бу спортчиларнинг тайёргарлиги, уларга анжом ва инвентарлар харид қилиш, ташкилотларнинг устав харажати ва бошқалар учун йўналтирилди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси январь-март ойларида тегишли спорт ташкилотлари билан бирга Парижда ўтадиган Олимпия ўйинларига 73 млрд 355 млн 700 минг сўм маблағ йўналтирди. Бу ҳақда МОҚ маълумотларига таяниб, ЎзА хабар берди.
Мазкур маблағлар спортчиларнинг маҳаллий ҳамда халқаро ўқув-машғулот йиғинлари учун ишлатилгани қайд этилди.
«Бундан ташқари, йўналтирилган маблағ ҳисобилан Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва уюшмаларнинг устав харажатлари, миллий терма жамоа спортчилари учун анжом ва махсус инвентарлар харид қилинган. Шунингдек, уларнинг тиббий-биологик таъминоти, нуфузли турнир ва чемпионатларда иштироки билан боғлиқ харажатлар ҳам давлат томонидан молиялаштириб келинмоқда», — дейилади хабарда.