ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

САВДОСИ ЯКУНЛАЙМАЙ ҚОЛГАН ОҒУФУРУШ

Сўнги вақтларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш жинояти ҳолатлари учраётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз.

Табиийки, бу каби ҳаракатларни содир этганларга қонунчилигимизга кўра, жазо муқаррарлиги белгиланган.

Ҳозир эса бир воқеа тавсилотига ҳақида сўз юритамиз.

Жумладан, фуқаро Шоназар Ҳакимов (исм-фамилияси ўзгартирилган) кўп миқдорда бўлган опий гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 2024 йил 7 февраль куни соат 17:00 ларда Денов тумани “Ўрикзор” маҳалласи ҳудудида тезкор тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсга 1 дона оқ рангли целлофан бўлагига қадоқланган умумий оғирлиги 3.61 грамм опий гиёҳвандлик воситасини 300.000 сўм эвазига сотиб ўтказган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида ушланган ва унинг ёнидан тадбирга хатланиб берилган 300.000 сўм миқдоридаги пуллар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда  далилий ашё тариқасида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Шунингдек, тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган “Х” исмли шахсдан Шоназар Ҳакимов сотиб ўтказган кўп миқдордаги 1 дона оқ рангли целлофан пакетга қадоқланган умумий оғирлиги 3.61 грамм опий гиёҳвандлик воситасини далилий ашё тариқасида процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.     

Бундан ташқари, Шоназар Ҳакимов 2023 йил 07 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирдан сўнг туман ИИБ маъмурий биносига олиб келиниб, унинг ёнлари холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтида эгнидаги кулранг шимининг кичик чўнтагида бўлган 1 дона рангсиз целлофан бўлаги билан ўралган соф вазни 0.44 грамм “Опий” гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, мазкур моддалар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.

Буни қарангки, оғуфурушнинг савдоси якунланмай қолди.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика бошқармасининг хулосасига кўра, Шоназар Ҳакимовдан ҳар иккила ҳолатда далилий ашё сифатида олинган гиёҳванд моддаси “Опий” гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланган.

Вилоят суд наркология экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, фуқаро Шоназар Ҳакимов Наркомания (опий) билан касалланган, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 96-моддасини қўллаб, мажбурий тиббий даволанишга муҳтож эканлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман судида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи Шоназар Ҳакимов марҳум отасининг хонасидаги сандиқ ичидан кийимларини олиб, ушбу кийимларидан бирини олиб кийиб кўрганида кийимининг ички чўнтагида қора рангли салофан ичида малла рангли ўткир ҳидли гиёҳванд модда “чой” (опий) моддаси борлигини кўриб, ушбу моддани ўзининг истеъмоли учун оила аъзоларига билдирмасдан сақлаб келганлиги, илгаридан гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиб келганлиги, ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда ушланганлиги, ҳозирги вақтда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўради.

Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда, унинг айбига иқрорлик билдириб, ҳозирда содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етганлигини, қилмишидан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини ва 4 нафар фарзандлари борлигини, шундан икки нафари вояга етмаганлигини, наркомания касаллиги билан касалланганлигини айбни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб ҳисоблаб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, гиёҳвандлик воситасининг миқдорини, айбдорнинг шахсини ҳамда жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олди.

Суд уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273моддаси 5-қисмида ва 276-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди ва жиноят кодексининг 57,59-моддаларини қўллаб 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу билан бирга жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттиришни ҳамда унга нисбатан жазони ўташ жойларида наркоманияга қарши мажбурий тиббий даволаниш чораси ҳам қўлланилди.

Чунки, Шоназар Хакимов аввал ҳам гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, шунингдек, уларни ўтказиш каби жиноятини содир этгани учун суд томонидан 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлишига қарамасдан, содир этган жиноятидан ўзига тегишли хулоса чиқармаганлиги унга панд берди.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай ёвуз ишни халқ нигоҳидан яшириб бўлмайди. Эртами кечми, қилган нотўғри ишнинг жавоби берилади.

МУРОТАЛИ АБДИМЎМИНОВ, Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan