Акциядан мақсад Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланишини қисқартириш ҳисобланади. 29 март куни шундай тадбир илк марта кенг кўламда ўтказилди. Кейинги акция 24 апрелга тўғри келади.

Ўзбекистонда эндиликда ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, ҳукумат топшириғига биноан, 2024 йил март ойидан бошлаб ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни (агар байрам кунига тўғри келса, пайшанба куни) Тошкент шаҳрида автомобиллар ҳаракатланишини (жамоат транспортлари, махсус ва шошилинч ёрдам хизматларидан ташқари) қисқартиришга қаратилган «Автомобилсиз кун» деб эълон қилинди.
Бу 2024 йилда қуйидаги кунларга тўғри келади:
- 24 апрел;
- 22 май;
- 26 июн;
- 24 июл;
- 28 август;
- 25 сентябр;
- 23 октябр;
- 27 ноябр;
- 25 декабр.
«Автомобилсиз кун» жамоатчилик лойиҳасида вазирлик ва идоралар, ҳудудий ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбар ва масъул ходимлари иш жойига жамоат транспортида келиб, намуна кўрсатиб бориши белгиланди.
29 март, жума куни Тошкентда «Автомобилсиз кун» акцияси бўлиб ўтди, уни ўтказиш феврал ойида президент томонидан тасдиқланган эди. Тадбир биринчи марта кенг масштабли форматда ўтказилди.
Шу куни кўплаб давлат раҳбарлари ва ходимлари ишга жамоат транспортида, велосипедда ёки пиёда келди. Хусусан, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов — автобусда, экология вазири Азиз Абдуҳакимов — метрода, Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов — велосипедда, рақамли ривожланиш вазири Шерзод Шерматов ҳамда МБ раиси Мамаризо Нурмуратов эса пиёда ҳаракатланди. Спорт вазирлиги раҳбари Адҳам Икромов узоқ вақт давомида пиёдалар йўлагидан ўта олмади.