ЎЗБЕКИСТОН

Рўзадор ходимларга иш вақтида қўшимча дам берса бўладими? Мутахассис тушунтириш берди

Иш берувчи ходимларнинг эътиқодини ва диний расм-русумлардан иборат бўлган амалларини тўғри тушунган ҳолда уларга қўшимча енгилликлар бериши мумкин. Бу ҳақда амалиётчи ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев тушунтириш берди

Саидали Мухторалиев

Меҳнат кодексининг 204-моддаси биринчи қисмида “иш куни (смена) давомида ходимга дам олиш ва овқатланиш учун давомийлиги кўпи билан икки соат ва камида ўттиз дақиқа бўлган, иш вақтига киритилмайдиган танаффус берилиши керак” дейилган.

Мисол учун 5 кунлик иш ҳафтасида кунига 8 соатдан ишлайдиган ходимларга 2 соатдан кўп бўлмаган, лекин 30 дақиқадан кам бўлмаган кунлик танаффус вақти берилиши шарт.

Бизда кўплаб ташкилотларда ходимларга халқ тилида “обед” (тушлик) дейиладиган 1 соатлик (13.00 дан 14.00 гача, ёки 12.00 дан 13.00 гача) бўлган кунлик танаффус вақти берилади, тўғрими? Яъни, 1 соат.

Меҳнат кодексининг 204-моддасида кўрсатилган юқоридаги қоидада дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффус вақти 2 соатдан кўп бўлмаслиги кераклиги айтиляпти. Яъни, бу яна 1 соатгача танаффус вақти берилиши мумкин, дегани.

Меҳнат кодексининг 204-моддаси иккинчи қисмида “дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш вақти ва унинг аниқ давомийлиги ички меҳнат тартиби қоидаларида ёки ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади” дейилган.

Эътибор беринг, бу қоидага кўра кунлик танаффус вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳам белгиланиши мумкин.

Демак, хулоса шундай: агар ишхонада кунлик танаффус вақти 1 соат қилиб белгиланган бўлса, бир оз дам олиб олишлари учун рўза тутувчи ходимларга, ўзаро келишувга асосан яна 1 соатгача бўлган қўшимча танаффус берилиши мумкин, — деди Саидали Мухторалиев.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, рўзадор ходимларга бундай қўшимча енгиллик бериш ёки бермаслик масаласи иш берувчининг мутлақ ихтиёрига боғлиқдир. “Бизга шундай имконият қилиб беринг” деб ҳеч ким уни мажбурлай олмайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan