КОРРУПЦИЯ

Самарқандда Спорт бошқармаси мансабдори пора билан ушланди

Самарқанд вилоят Спорт бошқармаси мансабдори 3 400 АҚШ доллари пора олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, 1994 йилда туғилган Самарқанд вилоят Спорт бошқармаси Миллий ва ноолимпия спорт турларини қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахассиси К.Ш. маҳаллий фуқаролардан бирига “Яхши хизматлари учун фидойи инсон” кўкрак нишонини олиб бериш учун 1 000 АҚШ доллари, бошқа бир фуқарони эса мансабдор танишлари орқали Қарши халқаро университетининг 3-босқичига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 400 АҚШ доллари талаб қилган.

У фуқаролардан жами 3 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида олаётган вақтда ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Билдирилишича, ҳозирда ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan