
Сурхондарёда Элдор Шомуродов футбол академияси очилади. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Вилоятимизнинг чекка ва олис қишлоқларидаги иқтидорли ёшларни аниқлаш, футбол орқали уларнинг индивидуал қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида сурхондарёлик таниқли спортчи Элдор Шомуродов футбол академиясини ташкил этиш режалаштирилган.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманида жойлашган Футбол академияси негизида Элдор Шомуродов футбол академиясини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа билан танишди, дейилади хабарда.
Маълумотларга қараганда қурилиш ишлари 2024 йил январь ойидан бошланиши режалаштирилган бўлиб, 154 ўринли академия лойиҳасида ёпиқ ва очиқ стадионлар, ётоқхона, ошхона ҳамда бошқа ёрдамчи бинолар бўлиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, айни дам Италиянинг «Кальяри» клубида тўп сураётган 28 ёшли Элдор Шомуродов Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. У футболга илк катта қадамларини Қашқадарёнинг «Машъал» клубида ташлаган.