Кеча, 1 декабрь куни Жанубий Корея ўзининг биринчи разведка сунъий йўлдошини учирди, у Илон Маскнинг Space X Falcon 9 ракетаси ёрдамида орбитага чиқарилди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Жанубий Корея сунъий йўлдоши Калифорниядаги Ванденберг космик кучлари базасидан учирилган. Учиришдан кўп ўтмай, сунъий йўлдош орбитага чиқарилган ва ердаги бошқарув бўлими билан муваффақиятли алоқа ўрнатган.
Қайд этилишича, Ердан 400-600 километр узоқликдаги орбитага ўрнатилган сунъий йўлдош 30 сантиметр ўлчамдаги жисмларни аниқлай олади.
Шундай қилиб, Жанубий Корея ядро қуролига эга Шимолий Кореяни кузатиш учун биринчи разведка йўлдошига эга бўлди.
Маълумотларга кўра, Сеул 2025 йил охиригача яна тўртта разведка йўлдошини учиришни режалаштирмоқда.
Жанубий Корея айғоқчи сунъий йўлдошининг учирилиши Пхеньян ўзининг разведка сунъий йўлдошини орбитага олиб чиққанидан икки ҳафта ўтмай амалга оширилди.
«Шу пайтгача Жанубий Корея [Шимолий Кореяни кузатиш учун] асосан АҚШ сунъий йўлдошларига таяниши керак эди», дейди Сангжи университети ҳарбий фанлари профессори Чой Ги Ил.
Қайд этиш жоизки, Шимолий Корея ўз сунъий йўлдоши аллақачон Америка ва Жанубий Кореянинг йирик ҳарбий объектлари суратларини, шунингдек, Италия пойтахти Рим суратларини узатганини маълум қилган.
Сеул эса Шимолий Корея Россиянинг Украина билан урушида фойдаланиш учун қурол эвазига Москвадан техник ёрдам олганини даъво қилади.