Фойдали

ФУҚРОЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Маълумки, меҳнат ҳуқуқи инсон ҳуқуқларининг асосийси ҳисобланиб, бунда ишсизликдан ҳимояланиш, ҳеч бир камситишсиз тенг ҳақ олиш ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.

Ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган қарори маъмурият учун мажбурий бўлиб, бунда ходимнинг бузилган ҳуқуқи тикланибгина қолмай, мажбуран ишга чиқмаган кунлари учун ҳақ ҳам тўланади. Ваҳоланки, ходимни ноқонуний ишдан бўшатиш мансабдор шахсларнинг маъмурий, интизомий ва бошқа турдаги жавобгарлигини келтириб чиқаради. Бундай ҳоллар содир бўлмаслиги эса дастлаб иш берувчининг ўз ходимининг меҳнат ҳуқуқи олдидаги масъулиятни англаш ҳисси билан боғлиқдир.

Энди эса бир суд амалиётига назар ташласак.

Даъвогар Сардор Дониёров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, суднинг ҳукмига кўра ноҳақ айбланиб озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланганлиги, ўша вақтда Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Ёнғин ҳавфсизлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаганлиги, жиноят иши юзасидан 2014 йил февраль ойида қамоққа олинганида 2014 йил апрель ойида бошқарма томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, ундан тушунтириш хати олинмаганлиги ва ўтказилган хизмат текшируви хулосаси билан ҳам таништирилмаганлиги, 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан оқланганлиги, ҳозирги кунда ўзининг иш ўрни Фавқулотда Вазиятлар Вазирлиги Сурхондарё бошқармаси таркибига бириктирилганлиги, ўзи ноҳақ айбланиб, ишдан бўшатилганлиги сабабли Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғини бекор қилиб, ўзининг лавозимига ишга тиклашни сўраган.

Судда жавобгарлар яъни, Сурхондарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси вакиллари, даъвони тан олмасдан, ўз тушунтиришида даъвогарни иш билан таъминлаш имкони йўқлигини билдирган.

Аниқланишича, даъвогар Сардор Дониёров вилоят Ички ишлар бошқармаси Ёнғин ҳавфсизлиги бошқармаси тизимида 1991 йилдан 2014 йил апрель ойига қадар ишлаб келиб, тегишли буйруқ билан “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тўғрисида”ги Низомнинг 69-моддасига мувофиқ хизмат қилишга номуносиб ҳатти-ҳаракатлар содир этганлиги сабабли қуролли кучлар резервига бўшатилган ва ушбу буйруққа хизмат текшируви асос қилиб олинган.

Ҳолбуки, даъвогар Сардор Дониёров ўша вақтда тушунтириш хати ёзмаган ва у текширув хулосаси билан таништирилмаган.

Бундан кўринадики, аслида даъвогар Сардор Дониёров 2013 йилнинг ноябрь ойида терговга жалб қилиниб, 2014 йил 6 февралдан қамоқда ўтирган бўлишига қарамасдан, масъул ходим томонидан хизмат текшируви унинг иштирокисиз, тушунтириш хатисиз, унга таништирилмасдан ёки хабар берилмасдан ўтказилган. Демак, даъвогарнинг жиноий жавобгарлиги қонуний кучга кирмасдан вазифасидан бўшатилган.

Бинобарин, суд даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириб, хизматдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топди ва даъвогар Сардор Дониёровни оралиқ даврдаги иш стажи ҳисобланган ҳолда 2014 йилдан ўз вазифасига ишга тиклади.

Қонунда назарда тутилган асослар даъвогарни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имконияти бўлмаган тақдирда унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилишини шартлайди.

БАХТИЁР НАРАЛИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan