ЖАМИЯТ

Республика “ISTIQBOLLI AVLOD” ижтимоий ахборот маркази Сурхондарё бўлими қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда?

ХХI асрда одам савдоси ва зўравонликка қарши кураш энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб келамоқда. Айни шу муаммоларни ечиш одам савдоси қурбонларини ҳар жиҳатдан қўллаб – қувватлаш ёхуд уларнинг сонини камайтиришда давлат ташкилотларига кўмакчи сифатида 2001 йилда Республика “ISTIQBOLLI AVLOD” ижтимоий ахборот маркази ташкил этилиб, бугунги кунда Ўзбекистондаги одам савдоси ва зўравонликнинг бошқа  турларига қарши курашиш соҳасида етакчи Нодавлат нотижорат ташкилотлардан бири ҳисобланади.

Марказ фаолиятини кучайтириш ҳамда унинг кўламини кенгайтириш мақсадида Республиканинг бошқа вилоятлари қатори 2020 йилда Сурхондарё вилоятида ҳам ташкил этилди. Ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, Сурхондарёдаги марказ бўлимида бир қатор самарали ишлар қилинишига эришилгани таҳсинга сазовордир.

Айни пайтда марказ томонидан кўпгина йирик лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, “Имконлаб”лойиҳаси шулар жумласидандир.

Лойиҳа ҳақида қисқача маълумотлар:

Ёшларда илк тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган мазкур лойиҳа 16 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар ўзларининг яшаш ҳудудларида уларни қийнаётган муаммоларни жамоа бўлиб ҳал этишга қаратилган. Лойиҳада иштирок этиш ниятида бўлган ёшлар онлайн тарзда рўйхатдан ўтказилиб, муаммонинг долзарблиги асосида мутахассислар томонидан энг актив жамоа саралаб олинади.

Танловдан ўтган жамоалар бир ҳафта мобайнида етук мутахассис- тренерлар кўмаги билан семинарда иштирок этиб, ўзлари кўтарган муаммоларини ечимини ўрганадилар ва уни кичик лойиҳага айлантирадилар. Якунда эса ҳар бир жамоа ўз лойиҳаларини ҳакамларга тақдимот қилиб беришади.

Ҳакамлар томонидан ҳар бир лойиҳанинг долзарблиги, муаммолар ечимига инновацион ёндошуви ҳамда лойиҳани амалга оширишнинг имконияти давомийлигини ҳисобга олган ҳолда ғолиб жамоалар танлаб олишади. Шундан сўнг, уларга ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун 1000 АҚШ доллари ҳисобида грант ажратилади.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятидан мазкур лойиҳада иштирок этганлар орасидан 5 нафар маҳаллий ҳамда 5 нафар Ўзбекистонда вақтинча истиқомат қилаётган Афғонистон ёшларидан ташкил топган жамоалар саралаб олинди. Ғолиб деб топилган 10 нафар жамоа ўз лойиҳаларини амалга оширишни бошлаб юбордилар.

-Бизда фақат бўлим раҳбаригина асосий штат бирлиги бўйича ишласада, аммо турли лойиҳа доирасида ҳуқуқий шартнома асосида ўзимизнинг  юристимиз ҳамда бир нечта бошқа йўналишлардаги ходимларимизга ҳам эгамиз,- дейди марказ раҳбари Раъно Бўриева. -Айни пайда биз бир қанча лойиҳалар доирасида ўз ишимизни олиб бормоқдамиз, улар орасида йирик лойиҳаларимиздан бири “Ўзбекистонда давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари, ҳамда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш орқали одам савдоси бўйича жиноий жавобгарликни кучайтириш”га қаратилган лойиҳамиздир.

-Бундан ташқари БМТнинг болалар фонди (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Бола ҳуқуқлари бўйича хабардорликни ошириш ва юридик ёрдам кўрсатиш орқали болаларни одил судловдан фойдаланиш имкониятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси бўйича ҳам бир қатор самарали ишларни амалга ошириб келмоқдамиз. Алоҳида таъкидлаш лозимки, биз вилоятда амалга ошириб келаётган ҳар бир лойиҳаларимиз доирасида бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик асосида, биргаликда мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйган ҳолда ишлаб келмоқдамиз ва бу борада биз билан ишлаётган ҳамда ўзини ёрдамларини аямаётган ҳамкорларимизга миннатдорчилик билдираман.

Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “Инсон – жамият – давлат” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan