ЎЗБЕКИСТОН

Давлатлараро сув таъминотида муаммо бўлмайди — Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги

Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси Амударё ва Сирдарё ҳавзаси бўйича 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун сув олиш бўйича прогноз лимитларини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.

Тошкент шаҳрида 1-2 ноябрь кунлари Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 85-йиғилиши бўлиб ўтди.

Айтилишича, тадбирда Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон делегациялари, комиссиянинг ижро этувчи органлари ҳисобланган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, шунингдек, комиссия котибияти ва илмий-ахборот маркази раҳбарлари иштирок этган.

“Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролбўйи ҳудудида сув ва экологик вазиятни яхшилаш, 2023-2024 йилларда куз-қиш мавсуми учун сув олиш бўйича прогноз лимитлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ҳамда ҳисоботлар эшитилди.

Комиссия аъзолари давлатларнинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаси бўйича 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун сув олиш бўйича прогноз лимитларини тасдиқлади”, дейилади вазирлик ахборотида.

Kazinform халқаро ахборот агентлигининг маълум қилишича, 2024 йил 1 апрелгача Қозоғистоннинг Туркистон ва Қизилўрда вилоятларига 11 километр/кубдан ортиқ сув берилади.

Маълумот учун, давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги 86-йиғилишини 2024 йилнинг январь ойида Қозоғистон ўтказишга келишиб олинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan